Жамият

ДАВЛАТ КАРАНТИН ИНСПЕКТОРИ ҲУҚУҚИЙ САВОДХОН БЎЛИШИ ШАРТ !

очиқ мулоқот

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девони (Бизнес Омбудсман)томонидан тадбиркорлар  ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя қилиш бўйича қонун ҳужжатларининг бузилишига йўл қўймаслик тўғрисида давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг мансабдор шахсларини ёзма равишда огоҳлантириш, шунингдек, давлат органлари ва ташкилотлар раҳбарларига аниқланган қонун бузилишлари бўйича уларни содир этишга имкон яратган сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида ижро этилиши мажбурий бўлган тақдимнома киритиш амалга оширилади.

Бугун Сурхондарё вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармасида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девони (Бизнес Омбудсман)  Сурхондарё вилоятидаги минтақавий вакили томонидан Ўсимликлар карантини ва ҳимояси вилоят бошқармаси  давлат инспекторларининг ҳуқуқий хабардорлигини  оширилиши бўйича очиқ мулоқоти  бўлиб ўтди.  Уни вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси бошлиғи Усмон Туропов очиб, бугунги кунда соҳа мутахассисларининг  ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш долзарб масала эканлиги, шунингдек, бугунги кунда инспекторлар олдида турган муҳим  вазифа ва мажбуриятлар  ҳақида ҳам тўхталди.

Жараёнда    Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 10 сентябрдаги “Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига кўра, Омбудсманнинг устувор вазифаларидан бири сифатида қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мазмун – моҳияти билан соҳа вакилларини таништириш, шу орқали аҳоли ва тадбиркорларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишга кўмаклашиш мавзусида сўз борди.

–  Президент томонидан қабул қилинган фармонга биноан, тадбиркорларни текширишдан олдин давлат органлари уларни профилактика қилиши белгилаб берилди. Текширишдан олдин профилактика қилади, камчилигини айтади, тўғриламагандан кейингина текшириш чорасини кўради.
Иккинчи масала, битта давр ва битта ҳолат бўйича текшириш ўтказилмайди. Бу ҳам текширувларнинг камайишига олиб келади, -деди омбудсманнинг Сурхондарё вилоятидаги минтақавий вакили.

Маълумки, жойларда Ўсимликлар карантин ва ҳимояси бошқармаси карантин инспекторлари ўз ҳудудларида фермер хўжаликлари, кластерлар, томорқа ер эгалари билан ҳамкорликда иш олиб боради. Жойларда мониторинг кузатув ишлари узлуксиз ташкил этилган. Галдаги масала инспекторларнинг ушбу жараёнларда тадбиркорларнинг ҳуқуқларини паймол қилмаслик, кузатув аввалида профилактик тақдимномалар киритиш борасидаги билимлари янада оширилди. Иш жараёнларида  йўл қўйилган хато ва камчиликлар рўй рост айтиб ўтилди. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, баъзида давлат органлари ходимлари билмасдан тадбиркорни текширишга бориб, хато қилиб қўяди. Бунинг натижасида уларга нисбатан тегишли таъсир чоралари қўлланмоқда, маъмурий жавобгарликка тортилмоқда. Зеро, бугунги кунда тадбиркорларнинг таклифларини инобатга олиш, тўсиқларни бартараф этиш, зарур шарт-шароитларни яратиш мутасаддилар олдига қўйилаётган энг муҳим вазифалардир. Ташкилотнинг бирламчи вазифаси — тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, мазкур ҳуқуқлар ва манфаатларга масъул органлар томонидан риоя этилишини таъминлашдан иборат эканлиги таъкидланиши баробарида давлат инспекторларининг ҳуқуқий саводхонлиги оширилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девони (Бизнес Омбудсман) Сурхондарё вилоятидаги минтақавий вакили билан бўлиб ўтган ўзаро савол-жавобларга бой очиқ мулоқотда инспекторлар  соҳага  оид кўплаб билимларни ўзлаштиришди.

Акрам Абсаматов, Сурхондарё вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси бошлиғининг  ўринбосари

Рахмиддин Қодиров, Сурхондарё вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси  Ахборот-таҳлил бўйича бош мутахассиси

Related Articles

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button