ОИЛА – МУҚАДДАС КОШОНА

Оила ҳар жамиятнинг бошланғич бўғини ҳисобланади. Оила мустаҳкам, тинч, ҳалол ва пок бўлса, жамият ҳам осойишта, мустаҳкам, фаровон бўлади. Бахтли оилалар туфайли бахтли жамият вужудга келади. Оила мустаҳкамлиги, тинчлиги учун айниқса, эр ва хотиннинг ўзаро муроса-мадорага бориши, гаъзаби келганда уни енгиши ва ширин сўзли бўлиши, шу билан бирга, оилавий сирларни кўчага олиб чиқмаслиги сингари бир қатор омиллар жуда катта аҳамият касб этади.
Албатта ҳаёт жуда мураккаб жараён бўлиб, унда турли ҳолатлар учраб туради. Гоҳи шодлик, гоҳи ғам деганларидай, оилада эр ва хотин ўртасида ҳам турли сабаблар ила келишмовчиликлар бўлиб туриши мумкин. Шошқалоқлик, жаҳлнинг тез чиқиши, қаноатсизлик, манманлик, тирноқ остидан кир қидирмоқлик оилавий муносабатларга путур етказади. Шуни айтиб ўтиш жоизки, эркак хотинининг бир ёмон ҳулқидан норози ҳам бор эканлигини унутмасин. Аёл ҳам ўрни келганда ғазабини ютиши, гарчи ёқмасада, оилавий ҳурмат юзасидан баъзи нарсаларга чидашга одатланиши лозим. Маънавий жиҳатдан бир-бирига сабр қилиш лозим бўлганидай, моддий жиҳатдан ҳам қаноатли ва сабрли бўлиш жуда муҳимдир. Оиланинг тинч, фарзандларнинг бахтли бўлишида эр-хотиннинг ҳар иккиси ҳам оиладаги ўз бурчларини астойдил адо этишга интилишлари муҳимдир. Эр ўз ўрнини йўқотган, хотин эса, эрнинг мавқеига даъвогарлик қилган оилаларда нафақат нотинчлик бўлади, балки эл-юрт, маҳалла-куй орасида ҳам бундай оиланинг ҳурмати бўлмайди.
Оиланинг бузилишига энг кўп сабаб бўладиган иллатлардан бири – бу бир-бирига ҳиёнатдир. Аслида никоҳланиш ва оила қуришдан кўзланган энг катта мақсад ҳам ўзаро ишончга асосланади. Бугунги кунда ана шундай иллатлар кўпайиши натижасида қанчадан-қанча оилалар бузилиб, болалар тирик етимга айланиб қолмоқдалар. Афсуски, хиёнат, ўзаро ишончни йўқотиш, баъзи бир сабаблар боис оила тинчлигига раҳна солиш ҳоллари учраб турибди.
Шундай экан, оилавий турмушни қадрлашимиз, оилавий покликни, ўзаро эҳтиром, ахлоқий меъёрларни сақлашни доимий бурч деб билмоқ лозим. Бунинг учун миллий ва диний қадриятларимизга риоя қилишимиз ҳам муҳим ўрин тутади.
Жамшид Алиев, “Юксалиш” ҳаракати Сурхондарё вилояти ҳудудий бўлинмаси бош мутахассиси



