ЖамиятСурхондарё янгиликлари

Аёл –ҳаёт ижодкори, аёл –баҳор тимсоли!

Инсоният яралибдики, бизнинг Шарқ  дунёмизда Аёл – аввало, Она сиймосида, наслнинг давомчиси, оила ўчоғининг бекаси, ёш авлод тарбиячиси, бахт-саодат ва садоқат тимсоли сифатида улуғланиб келади. 8 март – Халқаро хотин-қизлар байрами куни гўзал ва бетакрор юртимизга баҳор нафаси кириб келганидан дарак беради. Қутлуғ санада хотин-қизларга эҳтиром кўрсатиш анъанаси йил сайин умумдавлат аҳамиятига эга бўлиб, юқори мақом даражасига кўтарилмоқда

Сурхондарё вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармасида ҳам  Халқаро Хотин-қизлар куни муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди. Байрам тадбири иштирокчиларини бошқарма бошлиғи Усмон Янгибоевич Турапов самимий қутлаб, бугунги кунда юртимизда  хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни, ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги ислоҳотларни жадаллаштиришда, давлат дастурларининг ижросини таъминлашдаги фаоллиги, инвестицияларни, фан-техника ютуқларини ишлаб чиқаришга татбиқ этишга  ҳаракат қилаётганликлари, ёш авлодни ҳар томонлама баркамол вояга етказишда билим-тажрибаси, маҳоратидан самарали фойдаланган ҳолда фаолият юритаётганлигини таъкидлади.

Тадбирда бошқарма бошланғич касаба уюшма раиси Рахмиддин Қодиров сўзга чиқиб, муҳтарам юртбошимиз раҳнамолигида хотин-қизларга ҳурмат – эҳтиром кўрсатиш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, фарзандларининг саломатлиги ҳақида қайғуриш, ёрдамга муҳтож хотин-қизларга мурувват кўрсатиш, аёлнинг ўз ҳаётидан рози, мамнун бўлиб яшаши учун имконият ва шароитларни кенгайтириш ҳар қачонгидан юксак поғонага кўтарилганлиги хусусида тўхталиб ўтди.

– Бу байрамнинг борлиқни уйғотиб, заминни яшнатувчи баҳорнинг илк кунларида нишонланишида ўзига хос рамзий маъно бор. Донолар айтганидек, дунёда аёл меҳрининг баҳосини ўлчайдиган меъзон, тенглаштирадиган бойлик йўқ, – дея табрик билдирди бошқарманинг  Инсон ресурсларини ривожлантириш ва бошқариш бўйича бош мутахассиси Улуғбек Алмуратов.

Дарҳақиқат, аёл –ҳаёт ижодкори, аёл –баҳор тимсоли! Аёлнинг оналик меҳри, теран ақли ва нозик таъби, унинг гўзалликка, келажакка, ҳаётга муҳаббати баҳордек бемисл, баҳордек қудратлидир!

Хотин-қизларга байрам совғалари улашиларкан, самарали ва ҳалол меҳнатлари ҳамда она Ватанимиз гуллаб-яшнаши йўлидаги муносиб хизматлари алоҳида қайд этилди.

Табрик учун сўзга чиққан бошқарма мутахассислари Луқмонхон Хакимов ҳамда бошқарма бош юрист консулти Отажон Имомовлар

ҳам  гўзал аёлларни ва опа-сингилларимизни баҳор ва нафосат айёми бўлмиш байрам билан табриклаб, уларга узоқ умр, оилавий бахт-саодат, баҳорий кайфият ҳамроҳ бўлишини тиладилар.

Ўз навбатида Сурхондарё вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармасида  фаолият юритаётган хотин – қизлар ҳам  кўрсатилаётган ҳурмат, эътибор ва эъзоз учун миннатдорчилик билдирди.

Сурхондарё вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси матбуот хизмати

 

Related Articles

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button