Жамият

Ўзбекистонда 8 март муносабати билан «Аёлга эҳтиром» ҳафталиги ўтказилади

Ўзбекистонда 3−10 март кунлари «Аёлга эҳтиром» ҳафталиги бўлиб ўтади. Унинг доирасида қатор тадбирлар, жумладан, хотин-қизларни қўллаб-қувватловчи дастурлар, тиббий кўриклар ва маҳорат дарслари ташкил этилади.

Тадбирлар Вазирлар Маҳкамаси баёнига мувофиқ ўтказилади ва улар хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий фаоллигини ошириш, бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этишга қаратилган.

Бундан ташқари, ҳафталик доирасида «ислоҳотларнинг амалий натижаларини ўзида мужассам этган» медиатанловлар ва тадбирлар ўтказилади. Жамият ва давлат ҳаётида фаоллик ва ташаббускорлик кўрсатган, ўзининг самарали меҳнати билан жамият ривожига муносиб ҳисса қўшаётган 331 нафар (890 нафар номзоддан) хотин-қизга «Мўътабар аёл» кўкрак нишони топширилади.

«Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган хотин-қизлар «Янги Ўзбекистон» боғи ҳамда музейлар, тарихий масканлар, обидалар, зиёратгоҳ ва қадамжолар, театр, концерт, кино, кўнгилочар масканларга имтиёзли асосда ташрифлари ташкил этилади.

Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий фаолликларини оширишга қаратилган турли китоб ва рисолалар тақдимотлари ўтказилиши режа қилинмоқда. Мактаб ўқувчилари ўртасида «Она — оиламиз тимсоли, меҳр булоғи» мавзусида иншолар танлови ташкил этилади.

Ижтимоий тармоқларда «Аёлни эъзозлаш — эзгулик ва адолат мезони», «Она — меҳр булоғи», «Онам билан фахрланаман», «Юрт равнақига менинг ҳиссам» мавзуларида ёшлар иштирокида флешмоб ва чалленжлар ўтказилади.

«Доим эътибордасиз!» шиори остида тиббиёт автобуслари ташкил этилади ва маҳаллаларда ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизлар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилади. Шунингдек, жазони ижро этиш муассасаларида маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилади.

«Оқила аёллар» ҳаракати ҳамда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳузуридаги «Аёл маърифати» жамоатчилик кенгаши аъзолари иштирокида «Аёл маънавияти», «Оналик бахти», «Муаммоли вазиятлар ва оқилона ечим», «Мулоқот психологияси», «Соғлом овқатланиш», «Соғлом турмуш тарзи» каби мавзуларда маҳорат дарслари ва семинар-тренинглар ташкил этилади.

Маҳаллаларда тикувчилик, пазандачилик, боғдорчилик бўйича маҳорат дарслари ўтказилади.

«Ҳурматли ватандошлар, Сиз ҳам ушбу ойлик давомидаги тадбирларда фаол иштирок этинг!», — дейилади хабарда.

Халқаро хотин-қизлар кунида кўплаб мамлакатларда анъанавий бирдамлик акциялари, шунингдек, аёлларга нисбатан камситишларга қарши ва тенгликни талаб қилувчи маршлар ўтказилади.

Related Articles

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button