
Коррупцияга қарши курашиш Ўзбекистонда давлат сиёсатининг энг устувор йўналишига айланиб улгурди. Сурхондарё вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармасида ўтказилган очиқ мулоқот ҳам айнан жамият кушандаси ва ривожланишимизга ғов бўлган коррупцияга қарши кураш мавзусига қаратилди. Унда Ўсимликлар карантини ва ҳимояси вилоят бошқармаси бошлиғи в.б. Хислат Чориев сўзга чиқиб коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш барча давлат ташкилотларининг устувор вазифаси бўлмоғи лозимлигини уқтирди. Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари хизматчилари, шу жумладан, қишлоқ хўжалик соҳаси вакиллари томонидан порахўрлик, коррупцияга йўл қўйилиши давлатнинг ва тизимнинг сиёсий, иқтисодий, ҳуқуқий тизимига путур етказиб, халқимизнинг давлат органларига бўлган ишончи пасайишига олиб келишини таъкидлади.

Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши кураш тўғрисида”ги 2017-йил 3-январдаги ЎРҚ-419-сон Қонунининг қабул қилинганлигининг 7 йиллиги муносабати билан ташкил этилган йиғилишда ушбу ҳуқуқий хужжатнинг асл моҳиятини билиш билан бирга, унинг жамият ривожи учун тўсиқ ва ғовларни биргаликда енгишда ўрни муҳимлиги айтилди. Таъкидландики, коррупсия давлат бошқаруви тизимини емириши, давлат ташкилотлари ва давлат хизматчиларига салбий муносабатни вужудга келтириши, ҳокимиятнинг обрўсизланишига сабаб бўлади. Кун тартибидаги масала мазмун-моҳияти ҳақида бошқарма бош юрисконсулти О. Имамов ҳам кенг қамровли тушунча бериш баробарида йиғилганларнинг Қонунга оид саволларига жавоб берди. Шунингдек, вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси ходимларига ташкилотда коррупцияга алоқадор маълумотларга эга бўлганда, зудлик билан бошқарма раҳбариятига маълум қилиш мажбурияти юклатилди. Бу борада ходимларга тизимда ушбу салбий иллатга қарши кураш юзасидан тарғибот ва ташвиқот ишларини янада жадаллаштириш топшириғи берилди.
О. Имамов, Сурхондарё вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси бош юрисконсулти



