
Мамлакатимизда коррупцион ҳолатларнинг олдини олишда энг аввало жамиятда яшаётган фуқароларнинг онгида коррупцияга нисбатан муросасизлик муносабатини шакллантириш, бунинг учун кўпроқ тарғибот-ташвиқот ишларини ташкиллаштириш, аҳолига ҳизмат кўрсатувчи ҳар бир соҳани рақамлаштириш орқали инсон омилини камайтириш, ушбу иллат билан боғлиқ жиноий ҳолатлар учун жазо чорасини оғирлаштириш масалага ечим топадиган энг асосий чора-тадбирлардан бири ҳисобланади. Сўнгги йилларда бу борада самарали ишлар қилиняпти. Коррупцияга қарши курашиш Ўзбекистонда давлат сиёсатининг энг устувор йўналишига айланиб улгурди. Сурхондарё вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармасида ўтказилган очиқ мулоқот ҳам айнан жамият кушандаси ва ривожланишимизга ғов бўлган коррупцияга қарши кураш мавзусига қаратилди. Унда мазкур бошқарманинг 25 нафар мухассислари, ZOOM алоқа платформаси орқали 117 нафар туман бўлими ҳамда ЎКЧМ инспекторлари иштирок этишди.

“Коррупсиясиз ҳаёт сари” мавзусида ўтказилган мулоқотда Ўсимликлар карантини ва ҳимояси вилоят бошқармаси бошлиғининг ўринбосари А. Абдусаматов сўзга чиқиб, коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш барча давлат ташкилотларининг устувор вазифаси бўлмоғи лозимлигини уқтирди. Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари хизматчилари, шу жумладан, қишлоқ хўжалик соҳаси вакиллари томонидан порахўрлик, коррупцияга йўл қўйилиши давлатнинг ва тизимнинг сиёсий, иқтисодий, ҳуқуқий тизимига путур етказиб, халқимизнинг давлат органларига бўлган ишончи пасайишига олиб келишини таъкидлади. Юқоридаги кун тартибидаги масалани туб моҳиятини ходимларга етказиш мақсадида Сурхондарё вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси бош юрисконсулти О.Имамовга сўз олиб, юртимизда ушбу иллатга қарши жиддий кураш олиб борилаётганлиги, коррупцияга қарши курашиш соҳасида 40 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мавжудлиги, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022-йил 12-январдаги “Коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги ПҚ -81-сонли қарори мазмуни ва аҳамияти ҳақида атрофлича тўхталиб ўтди.
Давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган мазкур қарорга асосан “Коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланган бўлиб, ушбу низомда коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш тартиби, асосий тушунчалар, рейтинг кўрсаткичлари ҳамда баҳолаш якуни бўйича кўриладиган чора-тадбирлар ўз аксини топган. Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгашга Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан биргаликда рейтинг баҳолаш якунларига кўра «яхши» деб баҳоланган давлат ташкилотларининг коррупцияга қарши курашиш борасидаги ижобий тажрибасини оммалаштириш бўйича чора-тадбирларни белгилаш, «қониқарли» деб баҳоланган давлат ташкилотларига уларнинг коррупцияга қарши курашиш борасидаги фаолиятини янада яхшилаш бўйича тавсиялар киритиш ва уларни амалга оширишда кўмаклашиш ҳамда «қониқарсиз» деб баҳоланган давлат ташкилотларида коррупцияга қарши курашишда аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва уларнинг ушбу йўналишдаги фаолиятини яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилишини таъминлаб, унинг ижроси юзасидан тегишли раҳбарларнинг ҳисоботларини ҳар чоракда Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгашнинг йиғилишларида эшитишдан иборат чора-тадбирларни кўриб бориш вазифалари юклатилган. Таъкидландики, коррупция давлат бошқаруви тизимини емириши, давлат ташкилотлари ва давлат хизматчиларига салбий муносабатни вужудга келтириши, ҳокимиятнинг обрўсизланишига сабаб бўлади. Кун тартибидаги масала юзасидан бошқарма бош юрисконсулти О. Имамов кенг қамровли тушунча бериш баробарида йиғилганларнинг мазкур Қонунга оид саволларига жавоб берди. Шунингдек, вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси ходимларига ташкилотда коррупцияга алоқадор маълумотларга эга бўлганда, зудлик билан бошқарма раҳбариятига маълум қилиш мажбурияти юклатилди. Бу борада ходимларга тизимда ушбу салбий иллатга қарши кураш юзасидан тарғибот ва ташвиқот ишларини янада жадаллаштириш топшириғи берилди.



