ЖамиятҚишлоқ хўжалиги

Кооперативлар имкониятлар эшигини очади

ҳуқуқий тарғибот

“Қишлоқ хўжалиги кооперативи тўғрисида”ги Қонун (ЎРҚ-995-сон, 08.11.2024 й.) қабул қилиган.  Қонун қишлоқ хўжалиги кооперативининг ташкил этилиши, фаолияти, қайта ташкил этилиши ва тугатилиши соҳасидаги муносабатларни тартибга солади. Қонуннинг мақсади қишлоқ хўжалиги кооперацияси ва агросаноат кластерлари муносабатларини жорий этиш ва ушбу тизимни асоси ҳисобланган қишлоқ хўжалиги кооперативлари, уларнинг бирлашмалари ва агросаноат кластерларни ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Ҳужжатда қишлоқ хўжалиги кооперативи қишлоқ хўжалиги фаолиятини юритиш мақсадида жисмоний ва (ёки) юридик шахсларнинг пай усули асосида кўнгилли равишда бирлашувидан ташкил топган мустақил тижорат ташкилоти сифатида белгиланган. Кооператив юридик шахс сифатида давлат рўйхатидан ўтказилиши шарт.  Пай қишлоқ хўжалиги кооперативи мол-мулкининг муайян номинал қийматга эга бўлган, ташкилот аъзосининг мол-мулкни шакллантиришдаги иштироки миқдорини акс эттирувчи қисмидир. Пай пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк кўринишида бўлиши мумкин. Пай бадали овоз бериш ҳуқуқини ва кооператив фаолиятида иштирок этиш ҳуқуқини беради.

Бундай кооперативларнинг асосий мақсади ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, харажатларни камайтириш ва кооператив аъзоларининг даромадларини кўпайтириш учун ресурслар ва кучларни бирлаштириш ҳисобланади. Қишлоқ хўжалиги кооперативи камида етти нафар жисмоний ва (ёки) юридик шахс томонидан тузилиши мумкин. Шунингдек, камида уч кооперативдан иборат қўшма кооператив ҳам ташкил этилиши мумкин.

Кооператив тузишга қарор қилган жисмоний ва юридик шахслар таъсис қўмитасини тузишлари лозим. Ушбу қўмитанинг асосий вазифалари кооператив устави лойиҳасини тайёрлаш ва бўлажак кооператив таъсисчиларининг таъсис йиғилишини ўтказишдан иборат. Таъсис йиғилишида асосий қарорлар қабул қилинади: устав тасдиқлаш, кооперативни расман тузиш ва унинг сафига аъзоларни қабул қилиш. Жисмоний шахслар учун тўлиқ исм ва манзиллар, юридик шахслар учун эса уларнинг вакилларининг ваколатларини тасдиқловчи ҳужжатлар кўрсатилади.

16 ёшга тўлган жисмоний шахслар шунингдек, кооператив устави талабларига жавоб берадиган юридик шахслар кооператив аъзолари бўлиши мумкин. Агар кооператив уставида бундай тақиқ бўлмаса, ушбу ташкилотнинг аъзоси бир ёки бир нечта кооперативда аъзо бўлиши мумкин. Кооперативга алоқадор бўлмаган жисмоний шахслар ва компаниялар ушбу ташкилотга инвестор сифатида кириши мумкин. Қонун билан қишлоқ хўжалиги кооперативи бошқарув органларининг, шу жумладан, кооператив умумий йиғилиши, бошқаруви ва кузатув кенгашининг аниқ вазифалари, ваколатлари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланган. Ҳужжатда қишлоқ хўжалиги кооперативига кириш ва ундан чиқиш, кооператив аъзоларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, уларнинг ҳисоботини юритиш, пай бадалларини тўлаш билан боғлиқ қоидалар ҳам ўз аксини топган.

Кооператив қишлоқ хўжалиги соҳасида хизматлар кўрсатиш билан бир қаторда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, сақлаш, қайта ишлаш ва сотиш, ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш шунингдек, қонун билан тақиқланмаган бошқа фаолият турлари билан шуғулланиш ҳуқуқига эга.

Отажон Имомов,  Сурхондарё вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси бош юристконсулти

Related Articles

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button