ЭРТАКИ МАҲСУЛОТ ЕТИШТИРИШДАГИ МУҲИМ ЖИҲАТЛАР

Мамлакатимиз аҳолисини эртаки сабзавот маҳсулотларига бўлган талабини тўлиқ қондириш мақсадида, совуққа чидамли экинлардан сабзи, пиёз, ош лавлаги, кўкатларни тўқсонбости муддатида экиб, етиштириш муҳим аҳамиятга эга. Зеро,қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотлардан мақсад – иқтисодий фойда кўриш билан бирга, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, халқ фаровонлигини оширишдан иборатдир
Эртаки маҳсулот етиштириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш учун кузда асосий экинлардан бўшаган майдонларни сифатли шудгорлаб, совуққа чидамли экинларни экиш зарур. Чунки эрта баҳорда ёғингарчилик ҳисобига ернинг етилиши қийин бўлиб, эртаги экинларни экиш муддатлари чўзилиб кетади. Қолаверса, тўқсонбости усулида экилган сабзавот уруғлари эрта баҳорда барвақт униб чиқиб, тез ривожланиши ҳисобига ҳосил эрта етилади.
Шу сабабли, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ўсимликлар карантини ва ҳимояси Сурхондарё вилоят бошқармаси томонидан юқоридаги тадбирларни амалга ошириш юзасидан бир қатор амалий ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, 2024-йил ҳосили учун жами 58.4 минг га, шундан август-сентябр ойларида 9.9 минг гектар пиёз ва саримсоқпиёз ҳамда ноябр-декабр ойларида 48.5 минг га тўқсонбости усулида сабзавот экинлари экилган бўлиб, ўсимликлар карантини ва ҳимояси давлат инспекторлари томонидан доимий кузатув мониторинг ишлари олиб борилиб, ердан фойдаланувчиларга ўсимлик касалликлари, зараркунандалари ва бегона ўтларга қарши курашиш юзасидан керакли тавсия ва тушунчалар бериб борилмоқда. Уруғ экилган эгатлар устидан чириган маҳаллий ўғитлар, дарахт қипиқлари билан кўрпа қилиб ёпиш ёки шаффоф полиэтилен плёнкаларини ёпиш сабзавот уруғларини эрта кўкламда барвақт униб чиқиб, жадал ўсиб-ривожланишини таъминлайди. Шунда эрта баҳорда экишга қараганда ҳосил етилиши 30-40 кунгача эрта, ҳосилдорлиги эса 15-20 фоиз кўп бўлади. Қиш охирлаб борган сари инсон организмининг турли витаминларга тақчиллиги сезилиб қолади. Ушбу винаминларни эса айнан тўқсонбости экинларидан олиш мумкин бўлади.
Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги томонидан ишлаб чиқилган “Агрокўмакчи”мобил иловасида имкониятлар тўғрисида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларга тарғибот ва ташвиқот ишлари амалга оширилмоқда. Бир сўз билан айтганда иқлим шароитини ҳисобга олган ҳолда жанубий минтақа – Сурхондарё вилоятида эртаки сабзавотчиликни ривожлантириш иқтисодий, шунингдек, соҳанинг экспорт салоҳиятини янада ошириш нуқтаи назаридан муҳим аҳамият касб этади.
Даврон Мирзақулов, Сурхондарё вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси Фитосанитар назорати ва мониторинг бўлим бошлиғи



