ТИНЧЛИК ВА АҲИЛЛИК ТИМСОЛИГА АЙЛАНГАН БАЙРОҚ

Ўзида жуда катта маъно-мазмунни мужассам этган, юксак дид ва маҳорат билан пухта ишланган, ўзида бутун Ўзбекистон аҳлининг асрий орзу-истакларини, ғайрати ва шижоатини, халқимизга хос меҳмондўстликни, аждодлар ёди ҳамда миллат ғурурини мужассам этган байроғимиз сайёрамиздаги барча мамлакатларнинг давлат рамзлари орасида алоҳида ҳурмат ва эҳтиромга сазовордир. Давлат рамзларининг муқаддаслигини, улар бизга юрт манфаати ҳар недан устунлигини англатиб, эслатиб туришини ҳар биримиз ёдда тутишимиз мақсадга мувофиқдир. Давлат рамзлари ҳар бир мамлакатнинг суверенитети ва мустақиллигини ифодаловчи муқаддас тимсоллардир. Ўзбекистоннинг давлат рамзлари халқимизнинг шон-шарафи, тарихий хотираси ва интилишларини ўзида мужассам этиб, шу юртда яшовчи ҳар бир фуқарога ғурур, фахр ва ифтихор бағишлайди.
Сурхондарё вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси да 18 Ноябрь – Ўзбекистон Республикаси Давлат Байроғи қабул қилинган кун муносабати билан «Давлат байроғи — миллат ифтихори» мавзусида тадбир ташкил этилди. Уни бошқарма мутахассиси Лукмонхон Ҳакимов табрик нутқи билан очиб берди.
– Бугун миллий байроғимиз давлат идора ва муассасалари, ўқув юртлари, Ўзбекистон аъзо бўлган халқаро ташкилотлар, чет эллардаги элчихона ва доимий ваколатхоналаримиз пештоқида ҳилпираб турибди, – деди Л. Ҳакимов. – Турли байрам тантаналарида, мамлакатимиз аъзолари қатнашаётган халқаро миқёсдаги сиёсий, маданий-маърифий тадбирларда, нуфузли спорт мусобақаларида ҳам байроғимиз Ватанимизнинг шаъни, халқимизнинг ғурурини ёрқин акс эттирмоқда. Масалан, халқаро спорт беллашувларида ғалаба қозонган спортчиларимиз шарафига юртимиз байроғи баланд кўтарилган лаҳзада ҳар биримиз чексиз ҳаяжонга тушамиз, ҳеч кимдан кам эмаслигимиздан ғурурланамиз. Давлатимиз байроғи тинч ва осойишта, озод ҳамда эркин ҳаётимиз, ёруғ келажагимизга бўлган ишончимиз тимсолидир.

Дарҳақиқат , бугун бу байроқ фақатгина Ўзбекистон Республикаси давлат рамзи эмас, у шу юртда туғилиб, шу заминнинг меҳридан қониб яшаётган барча эл-элатларнинг тинчлик ва аҳиллик тимсолига, қалбларни қалбларга яқинлаштирадиган, дилларни дилларга улайдиган воситага айланган. Дунёнинг қайси бурчида бўлманг, бу байроқ она юрт нафасини димоққа уради, қадрдон Ватанни ёдга солади.
Бундан роппа – роса 32 йил муқаддам Ўзбекистон деб деб аталмиш осойишта, эркин ва фаровон юртнинг она табиатдан андоза олиб ишланган давлат байроғи қабул қилинган эди. Шундан бунё бу муқаддас туғ энг олий саҳналар, энг юқори марраларда, зафарли қўлларда баланд кўтарилмоқда, шавқу завқ билан кўзларга суртилиб, лабларга босилмоқда. Байроғимиз жонажон ўлкамиз дунёда халқаро ҳамжамиятнинг тенглар ичра тенг аъзоси эканлигини англатади ва ўзида миллий-маданий анъаналаримизни мужассамлаштиради. У бизнинг ғолиблигимиз, ҳеч кимдан кам эмаслигимиз ва асло кам бўлмаслигимизни яққол намоён қилади. Демакки, байроғимиз бизнинг ғурур, ифтихоримиздир. Уни эъзозлаш эса фуқароларда ўзининг қадр-қимматига, ўз мамлакатига ва шахсига бўлган ишончни янада мустаҳкамлайди.
Ўсимликлар карантин ва ҳимояси вилоят Сурхондарё вилоят бошқармаси жамоаси барча саҳа ходимларини ушбу сана билан қизғин муборакбод этади. Она юртимиздаги тинчлик ва осудалик ҳеч қачон бизни тарк этмасин, байроғимиз баланд-баландларда Ўзбекистон деб аталмиш жаннатмакон юрт шаъни, шону шавкатидан дарак бериб ҳилпирайверсин!
Гулчехра Ғуломова,
Сурхондарё вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармасининг Ижро интизоми, мурожаатлар билан ишлаш бўйича бош мутахассиси



