Бойсунлик соҳибкорлар қарийб минг гектар майдонда олма парваришламоқда

Куни – кеча Бойсун туманида “Олма сайли” фастивали бўлиб ўтди. Сурхондарё вилояти ва туман ҳокимлиги, вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси ҳамда вилоят туризм бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган фестивалда олма етиштираётган фермерлар, Бойсун давлат ўрмон хўжалиги ва деҳқон хўжаликлари ўз маҳсулотларини кенг намойиш этди. Шунингдек, мажмуада Бойсуннинг шифобахш гиёҳлари, нок, узум ва бошқа ранг-баранг мевалар кўргазмасига ҳам алоҳида ўрин ажратилди.

Юртимизда кейинги йилларда боғдорчиликни ривожлантиришга қаратилаётган юксак эътибор маҳаллий навли олмалар қаторида Крепсон, Симиренко, Голден, Карлик каби кўплаб турдаги серҳосил олма етиштириш учун Бойсунда ҳам қулай имконият яратди. Туманнинг Дуоба, Хўжаидод, Ўрмончи, Мачай, Дарбанд, Авлод, Қизилнавр каби маҳаллаларида денгиз сатҳидан 1 минг 500 – 1 минг 800 метр баландликда етиштирилган олмалар тоза иқлимда мўътадил қуёш нурига тўйингани ва сервитаминлиги билан хориж бозорларида ҳам ўз харидорларини топмоқда. Туманда қадимдан парваришланадиган “Беш юлдуз” навли олма ширин таъми, серсувлиги ва витаминларга бойлиги билан мамлакатимизда шуҳрат қозонган бўлса, эндиликда бу гўшанинг болдек ширин мевалари дунё бозорларига чиқмоқда. Бу борада Сурхондарё вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси Бойсун тумани бўлими инспекторлари ҳам ушбу меванинг гул тугиб ҳосилга киргунича, пишиб етилиб, токи бозор расталаридан ўрин олгунига қадар бўлган даврда боғбонлар билан елкама – елка туриб меҳнат қиладилар.

Жорий йилда ҳам ер эгаларига олма шираси зараркунандалари, касалликлари, олма қурти ҳақида батавсил маълумотлар берилиб, уни олдини олиш ва қарши кураш чоралари ҳақида тарғибот-ташвиқот ишларини олиб борилди. Ҳамкорликда олиб борилган ишлар ўз самарсида бугун ҳосил мўл ва бўлди. Маълумотларга кўра, бойсунлик соҳибкорлар қарийб минг гектар майдонда олма парваришламоқда. Унинг 427 гектари фермер ва деҳқон хўжаликларига тегишли. “Бойсун” давлат ўрмон хўжалиги 145 гектар олмазорига эга. Қолган қисми аҳоли томорқасида етиштирилади.

Бир сўз билан айтганда, Бойсунда томорқасида олма парваришламайдиган оиланинг ўзи йўқ. Жорий йилда соҳибкорларимиз мавжуд майдонлардан қарийб 13 минг тонна олма териб-йиғиб олди. Олманинг қарийб олти минг тоннаси фермер хўжаликлари ва Бойсун ўрмон хўжалиги, қолган қисми аҳоли томорқаси ва деҳқон хўжаликларида етиштирилди. Ўтган йили бу кўрсаткич 11 минг тоннадан ошган эди. Бу ҳосилнинг икки тоннадан ортиғи хорижга экспорт қилинади. Қолган қисми келгуси йил пишиқчиликгача мамлакатимиз бозорларида, ярмаркаларида савдога чиқарилади.
Абдуғани Эшпўлатов, Сурхондарё вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси Бойсун туман бўлими бошлиғи



