Жамият

Экологик таълим-тарбия умумий таълим тизимининг ажралмас бўғини

табиатга муносабат

Инсон ҳаётини табиий муҳитсиз тасаввур этиш қийин. Шунинг учун ҳам табиатни муҳофаза қилиш, унинг мусаффолигини сақлаш инсониятнинг муқаддас бурчидир. Бизни қуршаб турган сув, ҳаво, тупроқ, ўсимликлар оламининг ҳозирги аҳволи, атроф-муҳит ифсофланиб қолишининг олдини олиш ҳисобланади.

Биосферани муҳофаза қилиш чораларини кўриш ҳар бир кишининг мухим вазифаларидан биридир. <<Табиат ва жамият>> мажмуасининг ички мутаносиблиги, биосфера мувозанати инсоннинг табиатга нисбатан ижтимоий экологик муносабатларини шакллантириб маданий мазмунга эга бўлиши мумкин. Экологик маданият инсониятнинг тарихий ривожланиш жараёнида табиатни муҳофаза қилишга қаратилган назарий-илмий ғояларнинг мажмуаси бўлмасдан, маълум жамиятда яшаётган шахсларнинг руҳий ҳолатлари, хиссиётлари, кайфиятлари ва интилишларини ҳм қамраб олиб, турли даражадаги ижтимоий онг шаклларининг экология мақсад-манфаатлари доирасида муштараклигини ифодалайди. Шу ўринда, таъкидлаш лозимки, бугунги кунда атроф-табиий муҳитнинг ҳолатини ҳамда экологик муаммоларнинг нақада кескинлигини инобатга олсак, ушбу соҳада ҳам таълим-тарбияни ривожлантириш мавжуд муаммолар ечимини топишда зарурлигини англашимиз мумкин.

Экологик тарбия болаликданоқ сингдириб борилиши керак. Ёш авлоднинг соғлом ўсиб улғайиши ва ўзидан кейинги авлодга табиат гўзалликларини авайлаб-асраб етказиши учун уларга табиатни муҳофаза қилиш, унинг бойликларидан тежамкорона фойдаланиш йўлларини ўргатиш, табиат билан боғлиқ ҳар қандай ишни амалга оширишдан олдин табиий муҳитга зарар етказмайдиган усулларни танлаш лозимлигини ўргатишимиз зарур. Мактаб ёшигача бўлган болаларда табиатга ҳурмат билан қараш, унга нисбатан эстетик ҳиссиётни уйғотиш тажрибалари, болаларнинг ёши, билим кўламини инобатга олган ҳолда, уларнинг тафаккурига етиб борадиган даражада табиат тўғрисида, ўсимликлар олами ҳақида, ҳайвонот дунёси борасида қизиқарли ва мароқли суҳбатлар ўтказиш, ниҳоллар, сабзавот, гул намуналарини қандай ўтказиш, парваришлаш, борасида телевиденияда алоҳида махсус кўрсатувлар уюштирилиши ҳам ижобий натижалар беради.

Катта ёшдаги кишиларнинг хатти-ҳаракатлари ҳам ёшлар учун ўрнак, сабоқ бўлиши табиий. Айни дамда ёшларимизнинг экологик ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтиришга хизмат қилувчи экологик таълим-тарбия умумий таълим тизимининг ажралмас бўғини бўлиб, унинг асосий ғояларини ўзида мужассам этган. Бугунги кунда экологик маданиятни ошириш учун жамоатчилик томонидан олиб борилаётган ишлар мактаб ўқувларига экологик тарбияни кечиктирмай сингдиришга ҳам эътибор қаратилиши лозим. Экологик тарбия самарадорлигини ошириш экологик таълимга боғлиқдир. Экологик таълимни кенг кўламда (боғча, мактаб, муассаса, жамоат ташкилотлари,  олий ва ўрта махсус ўқув юртларида) амалга ошириш зарурдир. Бу иш ҳозирги куннинг муҳим муаммоларидан бири бўлиб, келажак соғлом авлод учун кафолат беради.

Жамшид Алиев, “Юксалиш” ҳаракати Сурхондарё вилояти ҳудудий бўлинмаси бош мутахассиси

 

 

Related Articles

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button