ДАЛАЛАРДА ИШ ҚИЗҒИН

Ердан самарали фойдаланиш бугунги куннинг асосий талаби саналади. Боиси, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш учун кам жойдан имкон қадар кўпроқ ҳосил олишга эришиш керак. Бунинг учун шубҳасиз, барча агротехник талабларга амал қилиш, бир сўз билан айтганда, тупроқ таркибию, уруғ танлашдан тортиб, токи ҳосил йиғиб олингунга қадар бўлган жараён илмий ва ўзини оқлаган тажрибаларга асосланган бўлиши лозим. Сурхондарё вилоятида ҳам Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси ҳамда масъул ташкилотлар билан ҳамкорликда ўсимлик зараркунандалари ва ҳашаротларига қарши курашиш мақсадида олиб борилаётган изчил тадбирлар, очиқ мулоқотлар ана шу мақсадга қаратилган.
Маълумки, Сурхондарё вилоятида ҳам ғалла ўрим-йиғими қизғин олиб борилмоқда. Сурхондарё вилояти ғаллакорлари жорий йил ҳосили учун 89 минг 325 гектар майдонда бошоқли дон парваришлаб, мўл ҳосил тўплади. Кузда ерга сепилган дон бир текис ундириб олингач, меҳр билан парваришланди. Озиқлантирилиб, суғорилди. Қиш ва баҳор кам ёғин келган йилда ғалла зараркунандаларига қарши сифатли ишлов берилди. Бўлиқ бошоқли мўл ҳосил тўпланди. Шу кунларда пишиб етилган ҳосил ўриб-йиғимини уюшқоқлик билан амалга ошириб, ҳар гектардан ўртача 86 центнердан ҳосил олишни мўлжалламоқда. Ёки ўтган йилга нисбатан ҳар гектар ердан 9,5 центнерга кўп дон ўриб, йиғиб олинади. Мавсумни сифатли якунлаш учун вилоятда 286 та комбайн, 1 минг 216 та дон ташиш транспорти жалб этилган. Воҳада деҳқонларнинг бетиним меҳнати эвазига етиштирилган мўл ҳосилни беталафот йиғиштириб олиш учун “Долзарб 40 кун” профилактик тадбири доирасида ғаллазорлар ва дон қабул қилиш шохобчаларини ёнғиндан асраш, ёнғин хавфсизлигининг олдини олиш ва ёнғин оқибатларига бағишланган тарғибот-тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Июнь ойи ғўза парваришида ҳам муҳим ва долзарб палла ҳисобланади. Шу сабабли бугунги кунда пахта тўқимачилик кластер корхоналари ва фермер хўжаликлари томонидан ғўза парваришида муҳим бўлган агротехник тадбирлар қизғин амалга оширилмоқда. Мазкур жараёнда барча агротехник тадбирлар, жумладан қатор ораларига ишлов бериш, чуқур юмшатиш, бегона ўтлардан тозалаш, азотли ўғитлар билан озиқлантириш, суспензия сепиш, ғўза зараркунандалари ва ҳашаротларга қарши кураш ишларини ўз вақтида ва мукаммал бажариш муҳим ва масъулиятли вазифа саналади. Зеро, қўл учида юзаки берилган ишлов ўзининг салбий натижасини кўрсатмай қолмайди. Шу каби камчиликларни олдини олиш мақсадида Сурхондарё вилояти Сурхондарё вилоятида ҳам Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси томонидан жойларда очиқ мулоқотлар ва амалий семинарлар мунтазам ташкил этиб келинмоқда. Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси бошлиғи У.Турапов, бошқарма бошлиғи ўринбосарлари Х.Чориев ва А.Абсаматовлар иштирокида Шеробод, Қизириқ, Бандихон, Қумқўрғон, Шўрчи, Олтинсой, Денов, Сариосиё ва Узун туманларидаги фермерлар учун мулоқотлар ташкил этилди.

Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси бошлиғи У.Турапов томонидан иштирокчиларга ғўза ниҳолларида учрайдиган ўргимчаккана, кўсак қурти сингари зараркунанда ҳашаротлар ҳосилдорликка жиддий зарар етказиши, уларга қарши куннинг эрталаб ва кечки вақтларида “Oлтинкўз”, “Трихограмма”, ”Бракон” сингари биомаҳсулотларни далаларга тарқатиш билан боғлиқ тавсиялар узлуксиз бериб борилаётир. Тадбирларда бугунги кунда ғўзани ўғитлар билан озиқлантириш, ғўза майдонлари ҳамда дала четларига зараркунанда ва ҳашоратларга қарши биомаҳсулотлар, шунингдек, кимёвий препаратлар билан профилактик ишлов бериш, ғўза парвариши, ғўза майдонларида бегона ўтлар, касалликлар ва зараркунандаларга қарши курашиш, дала маданиятини йўлга қўйиш, дала четларини ўзлаштириш, уларда озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш каби долзарб агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли бажариш борасидаги вазифалар муҳокама қилинмоқда. Ҳар галги ер эглари билан ўтказилаётган учрашувларда мутахассислар томонидан берилаётган саволларга тўлақонли жавоб қайтарилмоқда.



