БИОЛОГИК УСУЛ – СИФAТЛИ ҲОСИЛДОРЛИК ГAРОВИ

Биолабораториялар атроф-муҳит муҳофазасида муҳим аҳамиятга эга. Бугунги кунда қишлоқ хўжалиги соҳасида ўсимликларни биологик ҳимоя қилиш воситаларидан фойдаланиш ҳажми кун сайин ортиб бормоқда. Шу боис ҳам юртимизда биолабораториялар фаолиятини яхшилашга эътибор қаратилмоқда. Кўпайтирилган биомаҳсулотлар қишлоқ хўжалиги экинлари зараркунандаларига қарши биологик усулни кенг майдонларда қўллаш имкониятини берди.Зеро, мамлакатимизда фитосанитар хавфсизликни таъминлаш, табиат биофондини ривожлантириш ва зараркунандалар кенг тарқалишининг олдини олиш ҳамда уларга қарши биологик кураш ишларини ташкиллаштириш масаласи тубдан ўзгартирилмоқда.
Сурхондарё вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси Ангор тумани инспекторлари ҳудудда фаолият олиб бораётган биолабораторияларни доимий назорат қилиб борадилар. Бундан кўзланган мақсад – биолаборатория ходимлари малакасини, билим-кўникмаларини ва тажрибасини ошириш, шунингдик кридет маблағлари олиш, дебитор қарздорлиларни сўндириш, уч томонлама шартномалар тузиш, энтомафаглар сони ва сифатини ошириш, янги турдаги энтомафагларни кўпайтиришни жорий қилиш, уларнинг фаолиятларини кенгайтиришга кўмаклашиш юзасидан тушунтиришлар берилиб мавжуд муоммо ва камчиликларини бартараф этиш. Бугун улар тумандаги “Наима” оилавий биолабораториясида бўлди. Бу ерда ташкил этилган ишлар кўлами билан танишди.
– Таъкидлаш муҳимки, биомаҳсулот етиштиришнинг ҳам ўзига яраша машаққатли томонлари бор. Хонадаги ҳарорат талаб даражасида бўлмаса биомаҳсулотлар сифатига салбий таъсир қилади, — дейди Ангор туманида фаолиятини бошлаётган биолабаратория мудири Наима Алламуродова. — Масалан, олтинкўз етиштириш хонасидаги ҳарорат 22-25 градусдан ошмаслиги керак. Тозаликка риоя этиш, озуқа захирасини яратиш ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Бизнинг вазифамиз фермер хўжаликлари учун пахта ва ғалла майдонларига сифатли биомаҳсулотларни етказиб бериш, – дейди у. Олтинкўз, трихограмма ва бракон энтомофаглари етиштиришни мақсад қилганмиз. Албатта, бу борада ҳали катта тажрибага эга эмасмиз, ишимиз энди бошланаяпти. Фермер хўжаликларинг ва қишлоқ хўжалиги кластерларига сифатли билмаҳсулот етказиб беришни режа қилганмиз. Бу борада Ўсимликлар карантини ва ҳимояси инспекторлари бизга назарий ва амалий билимларимизни оширишда яқиндан ёрдам қиляпти.

Сектор раҳбарлари ва инспекторлар ва бу галги кузатувларда ҳам мавжуд муаммолар ўрганилди. Биомаҳсулотларни ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш бўйича таклифлар берилди.

Маълумотларга қараганда, бир қатор мамлакатларда зараркунандаларга қарши турли организмлар-йиртқич ва паразит ҳашаротлар, каналар, қушлар ва бошқалардан фойдаланилади. Юртимизда ўсимликларни биологик усулда ҳимоя қилишда олтинкўз, трихограмма ва бракон энтомофаглари кенг қўлланилмоқда. Ҳозирги пайтда ўсимликларни биологик ҳимоя қилишда кенг қўлланилаётган энтомофаглар орасида олтинкўз алоҳида ўринни эгаллайди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу усул табиатдаги кушандалардан унумли фойдаланиш, энтомофагларни биолабораторияларда кўпайтириб, далага мавсумий чиқариш ҳамда микроорганизмлар асосида яратилган биопрепаратлар қўллашга асосланган. Бугунги кунда вилоятимиздаги ана шундай биолабораториялар фаолият кўрсатиб, фермер хўжаликлари учун пахта ва ғалла майдонларига биомаҳсулотларни етказиб бермоқдалар. Қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилини зараркунанда, касаллик ва бегона ўтлардан ҳимоя қилишда кимёвий кураш усулидан фойдаланиш ҳам бор. Аммо турли кимёвий воситаларнинг ғўза ва бошқа қишлоқ хўжалик экинлари майдонларига ишлатилиши туфайли теварак-атрофга катта экологик зарар етказилади, шу билан бирга атроф-муҳит, сув ва сув ҳавзаларининг ифлосланиши, табиатдаги фойдали ҳашаротларнинг қирилиб кетиши, биологик мувозанатнинг бузилиши содир бўлади. Ўсимликлар карантин ва ҳимояси вилоят бошқармаси давлат инспекторлари томонидан биомаҳсулотлар сифати ва ундан самарали натижага эришиш қоидаларига амал қилиш бўйича мунтазам назорат тадбирлари олиб борилмоқда, — дейди Ўсимликлар карантини ва ва ҳимояси бошқармаси Ангор тумани бўлими мутахассислари. — Энг муҳими, бугунги кунда фермерлар томонидан биомаҳсулотларга ва биологик усулда зараркунандаларга қарши курашишга қизиқиш янада ортган. Бу эса ғўза ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинлари майдонларини зарарли ҳашоратлардан сифатли ҳимоя қилиб, келгусида мўл ҳосил олишга замин яратиши билан аҳамиятлидир.
Даврон Мирзақулов, Сурхондарё вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси Фитосанитар назорати ва мониторинг бўлим бошлиғи
Нурхон Раҳимов, Ўсимликлар карантин ва ҳимояси вилоят бошқармаси Ангор туман бўлими карантин инспектори



