Жамият

Нодавлат боғчаларда камбағал оилалар фарзандлари учун тўловнинг бир қисми давлат ҳисобидан қопланади

Энди «Камбағал оилалар реестри»даги оилаларнинг фарзандлари оилавий боғчаларга борса, ота-оналар тўловининг 40% қисми давлат ҳисобидан қопланади. Агар бу тоифадаги тарбияланувчилар белгиланган миқдордан ошиб кетса, компенсация кетма-кетлик асосида берилади.

«Камбағал оилалар реестри»га киритилган оилаларнинг фарзандларини қабул қилган оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига ушбу болалар таъминоти учун ота-оналар тўловининг бир қисмини давлат бюджетидан қоплаб бериш тартиби тўғрисидаги низом давлат рўйхатидан ўтказилди.

Низом оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларида тарбияланаётган «Камбағал оилалар реестри»га киритилган оилаларнинг фарзандлари учун ота-оналар тўловининг бир қисмини давлат бюджетидан қоплаб бериш тартибини белгилайди. Бунда улар тўғрисидаги маълумотлар «Болалар боғчаси» мактабгача таълимни бошқариш ахборот тизимида «Рақамли ҳукумат» тизимининг идоралараро интеграциялашув платформаси орқали шакллантирилади ҳамда «Нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини бошқариш» ахборот тизимига узатилади. Ота-оналар тўловининг бир қисми давлат бюджетидан қоплаб бериладиган айрим тоифадаги оилаларнинг фарзандлари рўйхати «Нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини бошқариш» ахборот тизими орқали автоматик равишда шакллантирилади.

Айрим тоифадаги оилаларнинг ота-оналар тўловини қоплаш учун оилавий МТТга компенсация тегишли ҳудудда 9 соатлик иш режимидаги умумий типдаги давлат мактабгача таълим ташкилотлари учун белгиланган ота-оналар тўловининг 40 фоизи миқдорида ажратилади.

Компенсация оилавий МТТга ҳақиқатда қатнаётган айрим тоифадаги оилалар фарзандлари сонидан келиб чиқиб, бироқ Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги билан оилавий МТТ ўртасида тузилган битимда белгиланган ўринларнинг 15 фоизидан кўп бўлмаган қисмига ажратилади.

Агар оилавий МТТга қабул қилинган айрим тоифадаги оилалар фарзандларининг сони белгиланган миқдордан кўп бўлса, рўйхат айрим тоифадаги оилаларнинг қуйидаги устувор кетма-кетлиги асосида аниқланади:

  • «қизил» тоифа;
  • «сариқ» тоифа;
  • «яшил» тоифа (камбағал оилалар реестрига киритилиш эҳтимоли юқори бўлгани асоси билан «яшил» тоифага киритилган оилалар бундан мустасно).

Бир хил тоифадаги оилаларнинг фарзандлари сони ҳам белгиланганидан кўп бўлганда, рўйхатга киритиш уларнинг оилавий МТТга қабул қилинган санасига мувофиқ кетма-кетликда амалга оширилади.

Бола бошқа боғчага ўтказилса ёки имтиёзлардан тўлиқ фойдаланиб бўлгани сабабли рўйхатдан чиқарилса, унинг ўрнига кетма-кетлик асосида бошқа оилаларнинг фарзандлари учун компенсация белгиланади.

Related Articles

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button