ЧИГИТ НАВЛАРИ ДОРИЛАНМОҚДА

Сурхондарё вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси бошлиғи Усмон Турапов,Сурхондарё вилояти уруғчиликни ривожлантириш маркази уруғликларни қайта ишлаш, сақлаш ва сотиш бўлими бош мутахассиси Зариф Каримов ҳамда туман ҳокими вакиллари, соҳага алоқадор бир қатор корхона ва ташкилот мутасаддилар ҳамда Денов тумани бўлими карантин инспекторлари “Сурхондарё пахта уруғчилиги” МЧЖ га карашли “Хайрабод” уруғлик чигитни саралаш ва дорилаш цехида ўрганиш ишларини олиб борди. Айни пайтда бу ерда 2025 йил пахта ҳосили учун давлат стандарти талабларига жавоб берадиган сифатли уруғлик чигит дориланмоқда. Сурхондарё вилоятида 2025 йил ҳосили учун уруғлик чигитни (касалликлар ва зараркунандаларга қарши) дорилаш тўғрисидаги маълумотларга кўра жорий йилда 2980 тонна чигит зарарлантирилиши керак.
Бошқарма бошлиғи ва бир қатор мутахассисларнинг бу галги ташрифида уруғлик чигитни тайёрлаш ва сақлашда навлар ҳамда репродукциялар аралашмаслиги, уруғлик пахтани тозалаш режимига риоя қилиниши, шунингдек, дорилаш цехларини жорий таъмирланган ҳолда қайта ишланиши аҳволи ўрганилди. Маълумот учун ўтган йил ҳосили учун мазкур цехда 400 тонна уруғ дориланган эди. Жорий йилда ҳам цех ходимлари бу кўрсаткични янада оширишни режалаштирилган бўлиб жами 690 тонна чигит тайёрлашни мақсад қилган . Шу билан бир қаторда қўшни туман миришкорлари учун ҳам 100-150 тонна қўшимча чигит дорилаб етказиб берилади. Таъкидлаш жоизки, бу ерда олиб борилаётган дорилаш ишлари доимий назорат қилиниб, амалий кўмаклар бериб келинмоқда.

-Цехимизда кунига 10-12 тонна чигит дориланмоқда. Шу кунгача 80 тонна чигит уруғи дориланиб бўлинди. Жорий йил мавсумида цехда чигитнинг “Султон элита” ва “Равнақ 1” навлари дориланмоқда, – дейди цех бошлиғи Намоз Холбоев.

Мазкур цехда уруғлик чигитлар ва дорилаш ишлари агретатлар орқали амалга оширилади. Бугунги кунда уруғлик чигитларни дорилаш учун мутахассислар таклифлари асосида қишлоқ хўжалик зараркунандаларига (гоммоз, илдиз чириш, фузариоз вилт) қарши препаратларидан фойдаланиб келинмоқда. Уруғларни белгиланган меъёрий ҳужжатлар талабларига асосан тайёрлаш учун малакали мутахссислардан иборат лаборатория ходимлари томонидан мунтазам равишда намуналар олиниб, таҳлиллар амалга оширилади. Дорилаш жараёнида ғўзанинг илдиз чириш касаллигига қарши перепаратлардан фойдаланилмоқда. Уруғлардан намуналар олиниб намлиги, замонавий жиҳозлар билан жиҳозланган лабораторияда тола қолдиғи ва механик шикастланиши бўйича таҳлиллари ўтказиляпти. Уруғлик чигитлар тагликлар устида, усти ёпқичлар билан ёпилган ҳолда ён атрофлари ёпиқ омборларда талаб даражасида сақланмоқда.

Шунингдек, уруғлик чигит тайёрлаш мавсумида талаб этиладиган қоғоз қоп, этикетка, кимёвий препаратлар ва ёғоч тагликлар (паддон) захираси яратилган. Албатта, уруғлар белгиланган стандарт талабларига асосан тайёрланса фермер хўжаликлари сифатли уруғлик билан таъминланиб, чигитларни бир текис ундириб олинишига ҳамда пахтадан мўл ҳосил олинишига замин яратилади.
Сурхондарё вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси матбуот хизмати



