Жамият

Қарздорликни мослама  бартараф этмоқда

 

Табиий газ таъминотида  замонавий ҳисоблагичлар ўрнатиш бошланганига Сурхондарё вилоятида ҳам уч йилдан ошди. Ўтган давр мобайнида вилоятдаги 129 мингдан ортиқ истеъмолчиларнинг 124 532 нафари хонадонига ушбу мослама ўрнатилиб,  табиий газ сарфи, ҳисоб-китоби ва назорати автоматлаштирилди.

Албатта, уч йил мазкур тизим ва мослама самарасини хомчўт қилиш учун етарли муддат. Айниқса, истеъмолчи ва таъминотчи ўртасидаги муносабатларни  шартномада белгиланган  ҳуқуқ ва мажбуриятлар асосида йўлга қўйиш, ҳисоб-китобларда инсон омили иштирокини қисқартиришда сезиларли натижаларга эришилди.

— Мисол учун, ўтган йили вилоят табиий газ истеъмолчиларининг жорий йил 1 декабр ҳолатигача қарздорлиги 3720 нафар истеъмолчини ташкил этган бўлса, жорий йилнинг  айни вақтига қадар бўлган қарздор истеъмолчилар сони  1629 нафарни ташкил этмоқда, — дейди “Ҳудудгаз Сурхондарё” газ таъминоти филиали бўлим бошлиғи Файзулло Хуррамов. — Шунингдек, замонавий ҳисоблагичларда термо корректор қурилмаси мавжуд бўлиб, шунинг ҳисобига сарфланган табиий газ аниқлик билан ўлчанади. Эски типдаги механик ҳисоблагичлар бундай имкониятга эга эмас эди.

Янги ҳисоблагичнинг яна бир қулайлиги шундаки, табиий газ йўқотишлари, тармоққа ноқонуний уланиш каби ҳолатларни вақтида аниқлаш имконини беради.

Таъкидлаш жоиз, ушбу тизим туфайли  “Ҳудудгазтаъминот” АЖ томонидан илгари истеъмолчиларнинг газ ҳисоблагичларидаги кўрсаткичларни йиғиш ҳамда тизимга киритиш билан шуғулланган  назоратчи  лавозимлари бекор қилинди. Ўрнига махсус телеграм бот ишга туширилиб, у автоматлаштирилган тизимга уланмаган газ ҳисоблагич кўрсаткичларини мустақил тарзда базага киритиш имконини бермоқда.  Шунингдек, табиий газ истеъмоли ҳажми бўйича барча зарур маълумотларни олиш, рўйхатдан ўтиб, шахсий ҳисоб рақамни доимий текшириш, газ таъминоти учун тўловларни ҳам амалга ошириш мумкин. Бу тизимда шаффофликни таъминлашда муҳим омилдир.

Вилоятда “ақлли” ҳисоблагичларни ўрнатиш ишлари давом этмоқда. Қолган 4600 та  истеъмолчига ҳам ушбу ҳисоблагичларнинг ўрнатилиши қарздорликни  нолга туширибгина қолмай, балки таъминотчи мажбуриятлари бекаму – кўст адо этилишига замин яратиши шубҳасиз.

 

«Ҳудудгаз Сурхондарё»газ таъминоти филиали матбуот хизмати

Related Articles

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button