«Пахта челленжи»: теримда замонавий техникага кенг йўл очади

Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Юлчиевич Абдураҳмонов Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманидаги пахта далаларида бўлиб, ғўза ҳосилининг пишиб етилиши, далаларнинг теримга тайёрлиги ҳамда мавсумни уюшқоқлик билан якунлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишди. Вазирга вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов ва тегишли ташкилот ҳамда бошқарма раҳбарлари ҳамроҳлик қилди.

Ташриф давомида “Лойқанд чинори” ҳудудида жойлашган “Абдухалил файз барака” кўп тармоқли фермер хўжалигининг 22,4 гектарлик пахта майдонидаги ҳолат кўздан кечирилди. Ўрганишлар жараёнида мавсум давомида амалга оширилган агротехник тадбирларнинг самараси, ғўзанинг ривожланиши ва ҳосилнинг шаклланиш ҳолати таҳлил қилинди. Далада ғўза парвариши белгиланган агротехник талаблар асосида ташкил этилгани, ўз вақтида ишлов бериш ва парвариш тадбирларининг амалга оширилиши натижасида ҳосил салмоғи юқори экани қайд этилди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, мазкур 22,4 гектарлик пахта майдонида ғўза навларининг ривожланиш ҳолати соғлом ва барқарор. Этефон ва Авгурон препаратлари белгиланган меъёр ва талаблар асосида қўлланилгани натижасида жорий мавсумда гектаридан 100 центнергача ҳосил олиш кутилмоқда. Ўрганишлар жараёнида таъкидландики, навбатдаги агротехник тадбир – десикация жараёнларини тўлиқ назорат остига олиш.

Вазир ҳосилни юқори сифат билан йиғиб-териб олишда якуний агротехник тадбирларни тўғри ташкил этиш муҳимлигини айтиб ўтди. Хусусан, десикация тадбирларини белгиланган меъёр ва муддатларга қатъий риоя қилган ҳолда ўтказиш, ғўзани максимал даражада қуритиш ва пахтани теримга сифатли тайёрлаш бўйича тегишли тавсиялар берди.

Айнан шу мақсадда пахта йиғим-теримини замонавий техника ва инновацион ёндашувлар асосида ташкил этиш, қўл меҳнатини босқичма-босқич камайтириш ҳамда пахта териш машиналаридан самарали фойдаланишни кенг жорий этиш мақсадида юртимизда «Пахта челленжи» ўтказилмоқда. Сурхондарё вилоятида ҳам челленж доирасида пахта ҳосилини замонавий пахта териш машиналари ёрдамида териб олиш ҳамда механизациялашган теримнинг афзалликлари тарғиб қилинмоқда. Бу эса терим жараёнини қисқа муддатларда ва юқори унумдорликда амалга ошириш, меҳнат ресурсларидан самарали фойдаланиш, қўл меҳнатига бўлган эҳтиёжни камайтириш ҳамда етиштирилган ҳосилни нес-нобуд қилмасдан йиғиб-териб олишда муҳим аҳамият касб этади. Айни пайтда вилоятда пахта ҳосилини уюшқоқлик билан йиғиб-териб олишга тайёргарлик ишлари изчил давом эттирилмоқда.



