
Бугун Сурхондарё вилояти Ўсимликлар карантини давлат инспекторлари жойларда бўлиб, томорқасидаги ҳалол меҳнатлари ортидан ўз хаётини тубдан ижобий томонга ўзгартираётган воҳадошларимизга яқиндан кўмак беришаётир. Айниқса, куни – кеча Агентлик томонидан эълон қилинган «Долзарб 30 кунлик» тадбири доирасида иссиқхоналар назорати янада кучайтирилди. Қумқўрғон тумани давлат инспекторлари ҳам бу борада фаол. Улар ўз ҳудудларида томарқа ер эгалари билан очиқ мулоқотлар ташкил этишаётир. Ҳар бир тадбиркорнинг дарди тингланиб, тавсия ва амалий кўмак берилаётир. Сидқидилдани меҳнат қилиб, ердан унумли фойдаланилса, агротехник тадбирларини вақтида қўлланилса, деҳқон даромади зиёда бўлиб, баракасига барака қўшилади, – дейди туман давлат карантин инспектори Й.Жонназаро.

Каттагина томорқа сотиб олиш, данғиллама уй қуриш, қолаверса, замонавий автомобил харид қилиш учун киши йиллаб ишлаши, тадбиркорлик билан шуғулланиши ёхуд қайсидир хорижий давлатга бориб ишлаб мўмайгина даромад топиши керак бўлади. Бироқ буларнинг барига кўчатчилиги ортидан эришаётганлар ҳам орамизда бор. Сурхондарё вилояти Қумқўрғон тумани “Уяс” маҳалласида истиқомат қилаётган Элёр Эшбўриев кўчатчилик соҳаси ортидан йилига 200 миллион сўмгача даромад кўриб, кўпчиликка орзу бўладиган шарт-шароитни ўзи ва оиласи учун ҳозирлади.
— 2007-йилдан буён кўчатчилик билан шуғулланиб кам бўлмадим, — дейди Элёр Эшбўриев. — 5 сотихли иссиқхонамда гибрид усулида йил ўн икки ой кўчат етиштираман. Помидорнинг “аламина”, “бўрон”, “дафнис”, болгар қалампирининг “юбилейний”, “лотта”, бодрингдан эса “пиколина”дан тортиб, “орзу”сигача етиштириб республика бўйлаб кўчат етказиб берамиз. Агротехник тадбирларини қўллашда туман карантин инспекторлари билан маслаҳатлашиб вақтида қўллаймиз, навларнинг сарасини экамиз. Шунинг учун ҳам харидорлар ҳеч норози бўлишмаган. Олган одам барака топса, биз ҳам ишимиздан хурсанд бўламиз. Чунки, бугун сифатсиз кўчат сотсак, эртага яхши ҳосил бермаса, харидорлар ўз ўзидан тисарилади.
Меҳнатдан қочмайдиган, пешона тери билан ризқ тераётган кўчатчида карам, қалампиру бақлажон кўчатлари ҳам сероб. Кўчат экибгина қолмай ўзи ҳам оилавий иссиқхонада болгар, помидор ва бодрингларни етиштириб эл дастурхонига тортиқ қилади.Ким учундир арзимасдек туюладиган кўчатчилик бугун ушбу оиланинг даромад манбайига, хонадони тўкинлигига хизмат қилаётир. Энг муҳими, қаҳрамонимиз чет элма-чет эл юриб иш излаб сарсон юрмайди. Қайси ишнинг бошидан тутсам экан, дея боши ҳам қотмайди. Томорқани чинакамига хазинага айлантира олган миришкорнинг ишлари беш, омади чопган. Ерга қадаган ҳар уруғи мўл ҳосил бергулик ниҳолга айланади. Томорқага беписанд қараб, “ердан фойда йўқ” қабилида яшайдиган одамларга деҳқоннинг бир гапи тайин: “Ер одамни боқади, фақатгина ерни боққани боқади у”.
Эртага насиб обод ва озод юртимизда яна мунаввар тонг отади. Қумқўрғон туман Ўсимликлар карантини ва ҳимояси давлат инспекторлари яна аҳоли хонадонлари, кенг далалар томон ошиқадилар. Зеро, уларнинг вазифаси она замин саҳоватларини асраб – авайлашдан иборат.



