АРЧА – ТОЗА ХАВО МАНБАИ

Дарахтларнинг хаётимиздаги ўрни беқиёс. Дарахтлар борки, инсонга куч-қувват бахш этса, айримлари қон босимини маромига келтириб, юрак ва асаб тизими фаолиятига яхши таъсир кўрсатади. Бир сўз билан айтганда, дарахтлар атрофнинг санитария-гигиена ҳолатини яхшилайди, кучли шамолларни қайтаради, ўзидан зарарли микробларни ўлдирувчи фитонцидлар ишлаб чиқади. Биргина арча дарахтининг инсонлар учун беминнат хазина эканлигини ўрганадиган бўлсак, қишин – ёзин яшиллика бурганган ушбу дарахт йил бўйи чангни ютиб, биз нафас олиб турган хавони тозалаб туради. Ундан олинадиган эфир мойи инсон саломатлигини тиклашда муҳим восита сифатида фармокология соҳасида кенг қўлланилади. Аммо, табиатда шундай зараркунандалар борки, ушбу игнабарг ўсимликка катта зарар етказади. Шунинг учун ҳам зараланиш ҳолатларини олдини олиш соҳа вакиллари олдида турган муҳим вазифа ҳисобланади. Маълумки, «Арча унсимон» қурти асосан арча дарахтларида бўлиб, уларга жиддий зарар етказади. Зараркунанданинг личинка ва урғочилари арчанинг новдалари ҳамда баргларини сўриб зарарлайди ва барча ер устки қисмлари билан озиқланади. Натижада, арча дарахтининг барглари кучли даражада зарарланади. Йилнинг ҳар бир фаслида “Арча унсимон” қуртининг тарқалиши назорат қилинади. Сурхондарё вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси ходимлари томонидан ҳам ушбу зарарли организмига қарши кураш ишлари олиб борилмоқда.

«Арча унсимон» қуртининг катталиги 2-3 мм бўлиб, ранги сарғиш, қизғиш, кулранг тусда бўлади. Етук самец (эркак) зотлари март ойи охирида, самка (урғочи зот)лари апрель ойи бошларида чиқиши кузатилган. Уларнинг тухум қўйиши май ойи давомида ва июнь бошларигача давом этиб, ўртача 280 тагача тухум қўяди.

Бу зараркунандага қарши кураш ишларида қуйидаги тадбирларни амалга ошириш зарур. «Арча унсимон» қуртини ички карантин аҳамиятга молик зараркунанда сифатида рўйхатга олиш, зараркунанда тарқалган жойлар ва ҳудудлар аниқланиши ҳамда арча кўчатларининг бу жойлардан бошқа жойларга юборилиши қатъиян тақиқланиши шарт. Зараркунандага қарши курашда унинг тухумдан личинка очиб чиқиш даврида кимёвий препаратларни қўллаш юқори самара беришини инобатга олиб, кимёвий ишловларни шу даврларда бошлаш керак. Ушбу тадбирларни ўз вақтида ва тўлиқ бажариш (фосфорли, азотли, микроэлементлар – Мастер, Кропшелд, Вегрутлар билан озиқлантириш) лозим.

Кимёвий кураш усуллардан ҳам фойдаланиш муҳим. Зараркунандалар пайдо бўлиши биланоқ препаратлар билан биринчи ишлов ўтказилиши ва зараркунанда буткул йўқолгунча ҳар ўн кунда кимёвий ишловлар олиб борилиши лозим. Бир сўз билан айтганда ҳудудлардаги йўл бўйлари, ўрмон хўжаликлари ва бошқа яшил майдонларда парвариш қилинаётган игна баргли, манзарали дарахт ва буталарга катта зарар етказаётган Арча унсимон қуртига қарши уйғунлашган тадбирлар олиб бориш самарали кураш тури ҳисобланади.

Бугун эрта тонгдан Сурхондарё вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармасининг Музработ туман инспекторлари томонидан арча экилган майдонлар кўздан кечирилди. Шунингдек, Қизириқ, Жарқўрғон, Шўрчи , Денов туман фитосанитар назорати давлат инспекторлари ҳам иш кунини жойларда парвариш қилинаётган арча дарахтларини мониторинг кузатув ишларини амалга оширишди. Қумқўрғон тумани инспекторлари ҳам бу борада ўзига хос тажрибага эга. Улар ҳар доимгидек зараркунандага қарши кураш ишларида фаол.
Воҳа бўйлаб тарғибот-ташвиқот ишлари давом этмоқда.
Д.Мирзақулов, Сурхондарё вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси Фитосанитория назорати ва мониторинг бўлими бошлиғи
Б.Ашуров, И.Норбўтаев Сурхондарё вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси туман бўлими инспекторлари.



