“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси – бу бир йиллик тадбир эмас”

Республикада экотизимларни ҳимоя қилиш ва тиклаш, кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш ва яшил майдонларни кенгайтириш борасида «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини амалга оширилиши муҳим қадам бўлди Ушбу лойиҳа доирасида йилига 200 миллион туп дарахт ва бута кўчатларини экиш орқали шаҳарлардаги яшил майдонларни амалдаги 8 фоиздан 30 фоизга ошириш режа қилинган.
Ҳозирда барча шаҳар ва қишлоқларда дарахт экиш бўйича кенг кўламда иш олиб борилаётгани таҳсинга сазовор. Шу билан бирга ҳар йили куз ва баҳор ойларида экиладиган дарахтлар парваришига, уларнинг кейинги тақдирига ҳам эътибор қаратилиши лозимлиги белгиланди.

Бу борада Сурхондарё вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси мутахасссислари ва туман бўлими карантин инспекторлари томонидан ҳам ушбу умуммиллий лойиҳа доирасида белгиланган ҳудудларда мевали ва манзарали дарахтларни экиш давом этмоқда.

Дарахтлар ҳудуднинг иқлим шароитидан келиб чиқиб, боғлар ҳосил қилиш ва кўкаламзорлаштиришни назарда тутган ҳолда танлаб олинмоқда. Энди улар агротехник талаблар асосида парвариш қилинади, минерал ва органик ўғитлар билан озиқлантирилиб, зараркунандалардан ҳимоя қилиб борилади. Ушбу мавсумда улар 4000 туп кўчат экишни режалаштирилган. Бир кунда 400 тупга яқин кўчатлар экиш ишлари олиб борилмоқда. Бу борада туман бўлимлари кесимида олиб қарайдиган бўлсак, Бойсун тумани инспекторлари режага асосан ерга 200 туп мевали ва манзарали кўчатларини қадаб, ҳамкасбларига намуна бўлишди.

Жарқўрғон, Шўрчи, Термиз, Бандихон ва Узун туман бўлими карантин инспекторлари ҳам бу борада уюшқоқлик билан иш олиб борган ҳолда умуммилий лойиҳага ўз ҳиссасини қўшиб, режани ортиғи билан бажаришди.

Бошқарманинг барча туман бўлимларида бу хайрли тадбирлар давом этяпти.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси – бу бир йиллик тадбир эмас”. Дарҳақиқат, яшаб турган жойимизни озода сақлаб, биздан кейинги авлод ҳам муносиб табиий муҳитда яшашлари учун бугун биз табиатга меҳр ва эътибор берсак келажак авлод ҳам муносиб экологик шароитда яшайди. Бунинг учун биз ер ва сув ресурсларини, экологик тизимни асраш ҳамда дарахт кўчатларини экиб, боғ яратишимиз зарурдир.
Рахмиддин Қодиров, Сурхондарё вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси бош мутахассиси
Жалолиддин Бозоров, Сурхондарё вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси ички фитосанитар назорат ва мониторинг бўлими мутахассиси



