9 ойда хорижда ишлаётган ўзбекистонликларга 850 минг доллар иш ҳақи ундириб берилди

2026 йилнинг дастлабки тўққиз ойида Миграция агентлиги хорижда ишлаётган ўзбекистонликлар фойдасига 850 минг доллар иш ҳақи ва компенсация ундириб берди. Мурожаатлар асосан Россия, Туркия ва Кореядан келиб тушган. Шунингдек, 532 нафар фуқаронинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари қайтарилди.
Хорижда ишлаётган ўзбекистонликларнинг иш ҳақи ва компенсацияларини ундириш бўйича мурожаатлари натижасида 850 минг доллар маблағ улар фойдасига ундириб берилди. Бу ҳақда Миграция агентлиги хабар берди.
Агентлик маълумотларига кўра, 2026 йилнинг дастлабки тўққиз ойида хорижда меҳнат қилаётган ўзбекистонликларнинг иш ҳақи, компенсациялари ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатларини қайтариш билан боғлиқ муаммолар ҳал этилган. Хусусан, ойлик иш ҳақи ва компенсацияларни ундириш бўйича 817 нафар фуқаронинг мурожаатлари кўриб чиқилган. Натижада хорижий иш берувчилардан жами 850 минг доллар уларнинг фойдасига ундириб берилган.
Мурожаатларнинг энг кўпи Россиядан келган — 533 та. Туркияда 155 та, Кореяда 92 та ҳолат кўриб чиқилган. Бошқа давлатлардаги ҳолатлар сони 37 тани ташкил этган.
Шунингдек, ҳисобот даврида 532 нафар ўзбекистонликнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари воситачилар ва хорижий иш берувчилардан қайтариб олинган.
Давлатлар кесимида, Россияда 331 нафар, Туркияда 185 нафар, Қозоғистонда 11 нафар ва Кореяда беш нафар фуқаронинг ҳужжатлари қайтарилган.
Миграция агентлиги хорижда меҳнат фаолияти давомида қийин вазиятга тушган фуқароларни ёрдам сўраб мурожаат қилишга чақирди. Бунинг учун 1282 қисқа рақамига қўнғироқ қилиш ёки @huquqiy_yordam_uzbot Telegram ботига ёзиш мумкин. Мурожаатлар кеча-ю кундуз қабул қилинади.
Марказий банкнинг август ойидаги шарҳида келтирилган Миграция агентлиги маълумотларига кўра, 1,4 миллионга яқин Ўзбекистон фуқароси 40 га яқин давлатда меҳнат қилмоқда. Уларнинг энг кўпи Россияда — 834,2 минг киши. Қозоғистонда 84,4 минг, Туркияда 72,1 минг, Жанубий Кореяда 46,4 минг, Европа мамлакатларида 258 минг, бошқа давлатларда эса 97,7 минг ўзбекистонлик ишламоқда. Хорижда меҳнат қилаётган фуқароларнинг тахминан 60 фоизи Россия ҳиссасига тўғри келади.



