Денов ва Узун туманларида навбатдаги семинар ташкил этилди

Ўзбекистон Республикасининг “Дала четларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонуни мазмун-моҳияти ҳамда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларининг дала четларидаги каналлар, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқлари атрофидаги майдонларидан самарали фойдаланишнинг аҳамиятига бағишланган семинар ўтказилмоқда. Ана шундай семинарлардан навбатдагиси Денов ва Узун туманларида ташкил этилди.

Унда Сурхондарё вилояти ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси бошлиғи Усмон Туропов иштирок этди. Бўлиб ўтган тадбирда дала четларидан оқилона фойдаланиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришни йўлга қўйиш орқали аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан кафолатли таъминлашга қаратилаётган эътибор ҳақида атрофлича сўз юритилди. Қонунчиликка киритилган ўзгартишларга кўра, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларининг дала четларидаги каналлар, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқлари атрофидаги майдонлардан самарали фойдаланилмаганда қўлланиладиган чоралар тўғрисида фикр алмашилди. Ҳудудлардаги иқтисодий ўсиш, озиқ-овқат хавфсизлиги, иш ўринлари ва инвестиция оқими, аввало, ерга боғлиқ эканлиги кўрсаткичлар орқали тушунтирилди.

Таъкидландики, Вилоят ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси бу йил воҳадаги 1 минг 549 гектар майдонга турли қишлоқ хўжалиги озиқ-овқат экин майдонларида назорат тадбирларини олиб боради. Унинг 932 гектари дала четларидаги, 617 гектари каналлар суғориш ва коллектор-дренаж тармоқлари атрофидаги фойдаланилмаган ерлардир. Бу майдонларнинг 434 гектарида сабзавот, 405 гектарида полиз, 507 гектарида дон ва дуккакли, 27 гектарида мойли ва 176 гектарида бошқа экинлар парваришланади.

Дала четларида озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришни кенгайтириш, хорижий бозорларда талаб юқори бўлган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш орқали экспорт кўламини кенгайтириш, иқтисодиёт ва аҳоли фаровонлиги учун энг муҳим манба бўлган ерлардан унумли фойдаланиш имкониятини оширишга қулай муҳит яратди. Семинарда тадбиркор ва фермерларнинг дала четларидан оқилона фойдаланишини қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирлар хусусида ҳам атрофлича маълумот берилди. Имтиёзли кредитлар ажратилиши, солиқ енгилликлари, субсидиялардан фойдаланиш тартиби тушунтирилди. Шунингдек, сифатли уруғлик ва кўчат танлаш, парваришлаш, суғориш, сув тежовчи усулларни жорий этиш ҳамда экин ва дарахтларни турли касаллик, зараркунандалардан ҳимоя қилиш юзасидан маълумотлар ҳам берилди.
Тадбирда иштирок этган фермер ва деҳқонлар, тадбиркорларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди.



