Жамият

Табиатни асраш-бурчимиз

Ислом дини инсон ҳаётининг барча соҳаларини қамраб олган мукаммал дин ҳисобланади. У фақат ибодатлар билан чекланиб қолмай, балки табиатга муносабат, жамиятга фойда келтириш, ерни обод қилиш каби масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратади. Кўчат экиш ва дарахт ўстириш ана шундай савобли амаллардан бири ҳисобланади.

Бугунги кунда экологик муаммолар, ҳаво ифлосланиши ва табиатнинг зарар кўриши инсонларни янада масъулиятли бўлишга чақирмоқда. Ислом эса бу масалани асрлар олдин тарбия қилган. Зеро, муқаддас каломимиз Қуръони каримда  ҳам инсоннинг вазифаларидан бири сифатида ерни обод қилиш  таъкидланган.  Демак, ҳар бир инсон табиатни асраш ва уни ривожлантириш учун ҳаракат қилиши лозим.  Шундай экан, уйларимиз атрофи, ариқлар, кўчалар, қабристон ва унинг атрофини ҳашар йўли билан тозалаш, бўш жойларга кўчат экишдек гўзал одат қадимдан халқимиз орасида урф бўлиб келган. Бу каби ишлар нафақат ташқи покликни таъминлайди, балки инсон қалбида ҳам поклик, меҳр-оқибат ва бирдамлик туйғуларини кучайтиради.

Аммо таассуфки, сўнгги йилларда айрим юртдошларимиз бу каби эзгу қадриятлардан бироз узоқлашаётгандек. Ҳолбуки, Ислом дини покликни иймоннинг бир қисми деб таълим беради. Пайғамбаримиз хадиси шарифларда  Поклик — иймоннинг ярмидир.” (Муслим ривояти) деб марҳамат қилганлар.Шунинг учун атроф-муҳитни тоза сақлаш, дарахт экиш ва ободлик ишларида фаол бўлиш нафақат миллий қадрият, балки диний бурчимиз ҳамдир.  Бугунги кунда ана шу гўзал анъаналарни қайта тиклаш, ёш авлодга ўргатиш ва амалда қўллаш ҳар қачонгидан ҳам муҳимдир. Ҳар биримиз ўз уйимиздан, ўз маҳалламиздан бошласак, юртимиз янада гўзал ва обод масканга айланади.

Айни дамда ҳам табиатни асраш, атроф-муҳитни тоза сақлаш ва кўкаламзорлаштириш масаласи ҳар қачонгидан ҳам долзарб бўлиб бормоқда.    Сўнгги йилларда жаҳонда кузатилаётган иқлим ўзгариши билан боғлиқ глобал муаммолар, афсуски, юртимизни ҳам четлаб ўтаётгани йўқ. Рўй бераётган чанг-тўзонлар, шунингдек, ёғингарчиликнинг камайиб ёки кўпайиб кетаётгани сўзимиз тасдиғидир. Бу ҳолат ҳар бир ақли расо кишини бефарқ қолдирмаслиги шарт ва зарур.  

Айниқса, ёш авлодга бу гўзал одатни ўргатиш, уларни табиатга меҳрли қилиб тарбиялаш — келажагимиз учун муҳим қадамдир. Чунки обод ва яшил юрт — фаровон ҳаёт гаровидир.  Зеро, юртбошимиз таъкидлаганларидек, “экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидан биридир”.

Абдурахмон Хурсандов, Термиз шаҳар «Мурчбобо»жомеь масжиди имом хатиби

Related Articles

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button