КЕНГ ТАРҚАЛГАН ЗАРАРКУНАНДАЛАР ВА КАСАЛЛИКЛАР

ШИРА. Шира битларининг қораси ҳам, яшили ҳам ўсимликларни кучсизлантириб, баргларда ёпишқоқ шудринг қолдиради, кейинчалик уларнинг устида моғорли ғубор пайдо бўлади. Мазкур ғубор ўсимликларнинг ташқи кўринишини бузади ва барг оғизларини қоплаб олади. Энг хавфлиси битлар вирус ташиб юради. Ўсимликларда ширанинг дастлабки аломатлари пайдо бўлиши биланоқ перметрин ёки гептенофос пуркалади.
ОҚ ҚАНОТ. Мазкур майда ҳашаротнинг етук вакиллари ва личинкалари очиқ далада ҳам, иссиқхоналарда томатдошларга, айниқса помидорга катта зарар келтиради. Улар барг ширасини сўриб озиқланади, натижада барг хиралашиб, бужмайиб қолади. Барг ва меваларда оққанотлар асалсимон ғубор қолдиради, кей-
инчалик уларда қорамтир моғор ҳосил бўлади.
ТУНЛАМЛАР. Узунлиги 3-5 см келадиган кулранг, жигарранг ёки бошқа рангли қуртлар тупроқ юзасида яшайди. Улар асосан сабзавот экинларининг ёш ниҳолларини тупроқ сатҳида кемириб, уларнинг қулаб тушишига олиб келади.
ҚУШЛАР. Қушлар ҳам сабзавот экинларига етарлича зарар келтириши мумкин. Уларнинг айримлари эса эндигина униб чиққан ёш майсаларни, маккажўхори, ловия каби экинларда эса сут-мум пишиқлик давридаги донларини чўқиб ташлайди.
Шу боис зарур ҳолларда уруғ экилган қаторларни тўр билан ҳимоялаш лозим.
СЎЛИШ. Сўлиш республикамизда энг кўп тарқалган хавфли касалликдир. Унинг фузариоз, вертициллёз каби турлари мавжуд. Касалланган ўсимлик барглари хиралашади, қуёшда сўлийди, пояси қирқиб кўрилганда касалликнинг хос белгиси –қорайган тўқималарни кўриш мумкин. Зарарланган майдонларда алмашлаб экиш тўғри йўлга қўйилади, сўлиш касалликларига чидамли навлар экилади. Кўчатлар стерилланган компостда етиштирилади. Кўчатларни ўтқазиш ва тупроқни юмшатишда экинлар илдизининг шикастланмаслигига жиддий эътибор берилади.
“ҚОРА СОН”. Ушбу касаллик замбуруғи билан касалланганда поя асоси қораяди, майсалар сўлий бошлайди ва сўнгра нобуд бўлади. Иссиқхоналарда сабзавот етиштиришда стерилланган тупроқ қўлланг, уруғларни сийракроқ сепинг, тупроқни ортиқча намлаб юборманг, майсаларни шамоллатиб туринг, кўчатли яшикларни
ёруғ жойларда сақланг. Очиқ далада сабзавот етиштиришда уруғларни етарлича қизиб олган тупроқларга сийракроқ экинг, тупроқни ортиқча намлаб юборманг. Даслабки белгиларидаёқ касалланган ўсимликларни олиб ташланг.
Сурхондаррё вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси мутахассиси Бахтиёр Тошбоев тайёрлади



