Июл- август ойларида бажариладиган агротехник тадбирларнинг аҳамияти катта

Сурхондарё вилояти Қишлок хўжалиги бошқармаси бошлиғи Р.Гаппаров ва вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси бошлиғи У.Туропов ғўза парвариши борасидаги ишларнинг боришини ўрганиш мақсадида воҳанинг Шўрчи ва Денов туманларида бўлдилар. Мулоқотда ушбу ҳудудлардаги ғўза майдонларнинг бугунги ҳолати ва зараркунандаларга қарши кимёвий ишлов ишларини ҳамда бошқа агротехник тадбирларни ҳам ўз вақтида ўтказиш бўйича кўрсатма ва топшириқлар берилди.

Таъкидландики, ҳозирги ўта мураккаб иқлим шароитида бу йил июл ойининг ҳар йилгидан кўра ўта иссиқ келиши пахтачиликда ҳар қачонгидан кўпроқ масъулият талаб этади. Июл-август ойларида бажариладиган агротехник тадбирларнинг аҳамияти эса пахта ҳосилдорлигини оширишда ниҳоятда муҳим. Негаки, ҳосилнинг эртаги, сифатли ва мўл бўлиши айни шу ойдаги меҳнат натижаси билан ўлчанади.

Зеро, ғўза агротехникаси талабларга мувофиқ бажарилса, ривожи тезлашиб, кўсакларга кўсак қўшилади, эрта пишиб етилади, ҳосилга барака киради. Бу борада зараркунандаларга қарши кимёвий ишлов муҳим жараён ҳисобланади.

Мутахассислар томонида ер эгаларига зараркунанда ҳашаротлар – кўсак қурти, ўргимчаккана, беда қандаласи, қора шира хуружидан ҳимоя қилишни кучайтириш зарурлиги, уйғунлашган кураш чораларини кенг қўллаш муҳимлиги айтиб ўтилди.

Айниқса, июл-августда бажариладиган агротехник тадбирларни яна бир нозик жиҳати шундаки, бу пайтга келиб, ғўза қатор ораларида шўра, ит узум, қўй печак, ғумай, сув ўти каби бегона ўтлар ҳам зўр бериб ўсади. Бу эса соҳа вакиллари олдига ҳар бир далани кунлик кўздан кечиришни, бегона ўтларни барча пайкаллар бегона ўтлардан тозаланишига жиддий эътибор қараш зарурлиги уқдирилди. Мулоқотда яна бир қатор долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Усмон Туропов, вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси бошлиғи



