Жарқўрғонда “Xinlu ZAO-78” навли чигит етиштириш бўйича семинар ўтказилди

Қишлоқ хўжалиги халқимизнинг фаровон ҳаёти, мамлакатимиз тараққиёти ва ўсиш суръатини белгилайдиган муҳим тармоқ ҳисобланади. Янги хорижий технологиялардан кенг фойдаланиш борасида изланишлар олиб борилиб салмоқли натижаларга эришилмоқда. Соҳада хусусан пахтачиликда илмга асосланиш, замонавий агротехнологияларни қўллаш, ҳаражатни минималлаштириш ва даромадни кўпайтириш бугунги куннинг муҳим талаби.
Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманидаги “Исмоилтепа зироатчи” ҳудудидаги “Абдураҳмон” фермер хўжалигида семинар ташкил этилди. Унда Сурхондарё вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси бошлиғи Усмон Туропов, соха мутахассислари, агрономлар ва воҳа туманларидан фермерлар иштирок этди. Таъкидлаш муҳимки, ўтган йилдан бошлаб Жарқўрғон туманининг ушбу ҳудудида 20 гектар пахта майдонида тажриба тариқасида Хитой технологияси асосида плёнка остига томчилаб суғориш усулида “Xinlu ZAO-78” навли чигит экилган. Семинарда мутахассислар томонидан Хитойнинг чигит экиш бўйича янгиланган усуллари ер майдонларидан фойдаланишда юқори самарадорликка эришиш ва сув ресурсларини тежаш имконини бериши таъкидланди. Шунингдек, замонавий ускуналар ва агротехник талабларга риоя қилиш, экиш жараёнини такомиллаштиришга қаратилган таклифлар билдирилди.

- Айни усулнинг ўзига хослиги шундаки, чигит экиш, плёнка тўшаш ва томчилатиб суғориш учун шланг ётқизиш ишлари замонавий техника ёрдамида бир вақтнинг ўзида амалга оширилади. Бу фермерлар учун вақт ва маблағни тежаш имконини беради. Ҳосилдорлик эса 50 центнердан ортади. Энг муҳим жараён – чигитни бир текис ундириб олиш билан боғлиқ мавсумни тўғри ташкил этиш ва ўз вақтида агротехник тадбирларни амалга оширишдан иборат. Бу борада вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси бошлиғи томонидан ғўза майдонларида учрайдиган зараркунандалар тарқалишини эрта аниқлаш, олдини олиш, айниқса, трипс, ширалар, ўргимчаккана ниҳоллар униб чиққандан бошлаб ўсиш даври охиригача зарар етказиши, бу эса ўз набатида ҳосилдорликка путур етказиши ҳақида батафсил тушунчалар берилди.

Вилоятимизда келгуси мавсумда мазкур янги усулни янада оммалаштириш режалаштирилмоқда, шунингдек, экиш жараёни ҳамда агротехник тадбирларда хитойлик агрономлар кластер ва фермер хўжаликларига кўмаклашади. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, бундан кўзланган асосий мақсад, аввало, воҳада пахтачилик соҳасини янги поғонага олиб чиқишдан иборат. Семинар давомида мутахассислар томонидан Хитой технологиясини қўллашнинг афзалликлари ҳақида батафсил маълумот ва илмий асосланган тавсиялар берилди. Шунингдек, фермер хўжалиги вакиллари ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилди. “Xinlu Zao-78” навини етиштириш агротехникаси бўйича берилган кўрсатмалар ер эгаларининг мўл ҳосилдорликка эришида қўл келади. Шунингдек, замонавий ускуналар ва агротехник талабларга риоя қилиш, экиш жараёнини такомиллаштиришга қаратилган таклифлар билдирилди.
Усмон Туропов, Сурхондарё вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси бошлиғи



