Ҳаракат бор жойда, самара бўлади

Бугун Шеробод тумани ҳокимлиги мажлислар залида қишлоқ хўжалиги соҳаси вакиллари учун ташкил этилган семинарда вилоят хокими ўринбосари, Ишчи гуруҳ раҳбари Фарходжон Исмоилов, Сурхондарё вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси бошлиғи Усмон Турапов, Шеробод туман ҳокими Усмон Алимовлар иштирок этди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қишлоқ хўжалиги майдонларидаги қўшимча имкониятлардан фойдаланган ҳолда маҳсулот етиштиришни кўпайтиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг самарали ташкил этиш хусусида сўз борди.
Семинар сўз олган маърузачилар томонидан дала четлари, каналлар, суғориш тармоқларининг атрофларида, хонадонлар ва кўп қаватли уйларнинг олди ҳамда маҳалланинг ички кўчалари четларидаги бўш турган майдонлар, аҳоли томорқасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, экспорт ҳажмини ошириш, мазкур йўналишдаги ишларни самарали ташкил этиш масалалари хусусида гапирди. Мазкур соҳага алоқадор ташкилот ва корхоналар, фермер хўжаликлари раҳбарлари, давлат карантин инспекторлари ва томорқа ер эгаларига мазкур қарорнинг мазмун-моҳияти тушунтирилди.

Асли, ота-боболаримиздан ерга меҳр бериш, оила эҳтиёжи учун зарур кундалик озиқ-овқатнинг бир қисмини бўлсада, ўз томорқамизда етиштиришнинг ҳадисини олган халқмиз. Бугун ана шу яхши анъана замонавий кўринишда қайта оммалашмоқда. Президентимизнинг мазкур қарори билан йиллар давомида қаровсиз қолдирилган томорқа ва дала четларга қайтадан “жон киргандек” бўлди. Ҳудудларда бўш ер майдонларидан самарали фойдаланиш йўлга қўйилиб, мамлакат экспорт салоҳиятини ошириш баробарида ушбу йўналишда аҳоли турмуш тарзини яхшилаш, қишлоқ одамларининг бандлиги ҳамда мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашдаги улуши ортиб бормоқда.

Мутахассислар Президент қарорида дала четларидан самарали фойдаланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича кўзда тутилган имтиёзлар ҳақида маълумотлар берди. Хусусан, уларга ички фитосанитария сертификати бир йил давомида бепул берилиши ёки дала четларига экиш учун “in-vitro” усулида яратилган мевали пайвандтагли кўчатларни сотиб олиш харажатларининг 50 фоизгача қисми Агросаноатни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан субсидия асосида қоплаб берилиши айтиб ўтилди.

Шунингдек, аграр секторда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида сўз борар экан, бу борада ер эгалари ва миришкорлар фикри ҳам тингланди. Бинобарин, фермер ва деҳқон хўжаликларининг дала четларидан унумли фойдаланиш, ариқ ва зовурларни тозалаш, қишки тадбирларни ўз вақтида ва самарали ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Амалга оширилаётган барча ишларни режалаштиришда ва ташкил этишда тизимли ёндашувнинг аҳамиятини таъкидлади. Айтиш керак, бугун дала четлари ва суғориш тизимларининг ободонлаштирилиши, ҳар бир майдондан унумли фойдаланиш асосий масалалардан бири ҳисобланади. Шу билан бирга, ҳар бир экин тури учун мақсадли экин технологиялари, агротехник тадбирлар ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш жараёнларини такомиллаштириш лозим. Семинарда дала маданиятини шакллантириб ободонлаштириш ишларини олиб бориш зарурлиги ҳам айтиб ўтилди. Қатнашчилар мавзу доирасида ўзларини қизиқтирган саволларга мутасадди ва мутахассислардан батафсил жавоб олди.

Албатта, бугун ердан манфаат кўраман деган деҳқон борки, албатта агротехник тадбирларнинг ўз вақтида бажарилишида лоқайдлик қилмаслиги керак. Зеро, ҳаракат бор жойда, самара бўлади. Бу эса, ўз навбатида, манфаат демакдир.



