Сурхондарёда мева-сабзавот экспорти янада оширилади

Мева-сабзавот экспортини тизимли ташкил қилиш, маҳсулот ишлаб чиқарувчи билан экспортёр ўртасида ўзаро муносабатларни тўғри йўлга қўйиш бугуннинг энг долзарб вазифаларидан биридир. Сурхондарё вилояти Ўсимликлар карантин ва ҳимояси бошқармаси бошлиғи Усмон Туропов раислигида бўлиб ўтган семинарда воҳанинг бугунги кундаги экспорт салоҳияти, жорий йилнинг иккинчи чорагида мева-сабзавот экспорти янада ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Унда аввало, тизимдаги шартномавий муносабатларни тўғри шакллантириш, маҳсулот етиштирувчи, қайта ишловчи ва экспортчининг манфаати, мажбурияти ҳамда жавобгарлигини аниқ белгилаш муҳимлиги таъкидланди.
Сурхондарё вилояти аграр салоҳияти юқори бўлган ҳудуд сифатида мамлакатимизда мева-сабзавот маҳсулотлари етиштириш ва экспорт қилишда муҳим ўрин тутади. Айниқса, эрта пишар маҳсулотлар етиштириш имконияти вилоятга ташқи бозорларда рақобат устунлигини беради. Маълумот ўрнида келтирилдики, 2025 йилнинг 1-чорагида 81 499 минг доллар қийматдаги 60434 тонна мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилинган бўлса, жорий йилнинг биринчи уч ойлигида 62 231 минг доллар қийматидаги 79 372 минг тонна мева мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилинишига эришилди.
Шунингдек, йиғилишда 2026 йилнинг II чорагида экспорт салоҳиятини ошириш билан бир қаторда, экспорт жараёнларида хавфларни камайтириш, маҳсулот сифати ва хавфсизлигини таъминлаш долзарб вазифалардан бирига айланаётганлиги алоҳида таъкидланди. Вилоятнинг географик жойлашуви экспорт логистикаси учун қулайлик яратади ва қўшни давлатлар бозорларига чиқиш имконини беради. 2026 йилнинг II чорагида воҳада экспортни оширишда иссиқхона хўжаликлари улушини янада ошириш кераклиги айтилди.

Маълумки, ҳозирги кунда экспорт жараёнларида Хавфни бошқариш тизими (СУР) жорий этилган бўлиб, у замонавий назорат механизми сифатида ишламоқда. Бошқарама бошлиғи Усмон Туропов йиғилиш иштирокчиларига СУР тизимининг ишлаш механизми ҳақида тўлиқ тушунча берди. Энди СУР тизими орқали аризалар автоматик таҳлил қилинади, хавф даражаси баҳоланади ва текширувлар селектив (танлаб) амалга оширилади. Фитосанитария сертификатлаштиришда ҳам СУР тизими ишлайди. Амалдаги тартибга мувофиқ ҳар бир ички фитосанитария сертификати (ФСС) ва халқаро фитосанитария сертификати учун келиб тушган ариза ўртасидаги маълумотлар тўлиқ солиштирилади.
2026 йил II чорагида Сурхондарё вилоятида мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти барқарор ўсиш тенденциясини намоён этмоқда. Шу билан бирга, экспорт жараёнларида хавфларни самарали бошқариш муҳим омилга айланди.
– Хусусан,*Хавфни бошқариш тизими (СУР)*нинг жорий этилиши фитосанитария назоратини кучайтириш,ҳужжатларнинг ишончлилигини таъминлаш,экспорт жараёнларини тезлаштириш,халқаро бозорларда ишончни ошириш каби ижобий натижаларни беради, – деди Сурхондарё вилояти Ўсимликлар карантин ва ҳимояси бошқармаси бошлиғи ўринбосари Акрам Абсаматов. – Мазкур тизимга кўра, экспортчи корхоналар 3 та тоифага ажратилади.Булар тўқ яшил, яшил йўлак (паст хавф), сариқ йўлак (ўрта хавф), қизил йўлак (юқори хавф). Энг муҳим жиҳати тўқ яшил йўлакда тадбиркорлар учун соддалаштирилган тартибда фитосанитар назорати амалга оширилади.
Келгусида мазкур тизимни янада такомиллаштириш ва рақамли технологиялар билан интеграция қилиш орқали Сурхондарё вилоятининг экспорт салоҳиятини янада ошириш мумкин. Ўзбекистон мева-сабзавот экспортида нархларни сунъий пасайтириш оқибатида юзага келаётган яширин иқтисодиётга барҳам бериш ҳамда соҳада очиқлик, сифат ва шаффофликни таъминлаш мақсадида янги тартиб қўлланилади.
Усмон Туропов, Сурхондарё вилояти Ўсимликлар карантин ва ҳимояси бошқармаси бошлиғи



