Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш тизими такомиллаштирилади
очиқ мулоқот

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 30 декабрдаги “Қишлоқ хўжалиги майдонларидаги қўшимча имкониятлардан фойдаланган ҳолда маҳсулот етиштиришни кўпайтиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-465-сон қарори қабул қилинди. Қарорга кўра дала четлари ҳамда аҳоли томорқаси, хонадонлар ва кўп қаватли уйлар олди, маҳалланинг ички кўчаларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш тизимини такомиллаштириш бўйича янги тартиб жорий этилади. Шерабод туманида бўлиб ўтган очиқ мулоқотда шу ҳақида сўз борди.

Унда Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигидан вилоятга бириктирилган вакиллар, Сурхондарё вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси бошлиғи Усмон Туропов ҳамда қишлоқ хўжалиги ташкилотлари, фермер хўжаликлари раҳбарлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари иштирок этдилар. Тадбир давомида қарорнинг мазмун-моҳияти, унда белгиланган вазифаларга бир-бир тўхталиб, дала четларида, аҳоли томорқаларида, хонадонлар ва кўп қаватли уйлар олдида, маҳалланинг ички кўчаларида, сув хавзалари қирғоғида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва кўпайтириш, туман иқлимига мос анор, беҳи, ток, чилонжийда, бодом, олча (аччиқ гилос), тут каби бир қанча мевали дарахт кўчатларини экишни самарали ташкил қилиш, уруғ ва кўчатларни етказиб бериш борасидаги вазифалар атрофлича тушунтирилди.
Қарорнинг мақсади ва аҳамияти ҳақида сўз борар экан, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларининг дала четлари ҳамда каналлар, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқлари атрофидаги майдонларда, соҳилбўйи минтақалари бундан мустасно, ҳамда аҳоли томорқаси, хонадонлар ва кўп қаватли уйлар олди, маҳалланинг ички кўчаларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилишини самарали ташкил қилиш ва кўпайтириш орқали мамлакатнинг экспорт кўрсаткичларини ошириш кўзда тутилганлиги таъкидланди. Агентлик йил давомида даромадли экинлар экиш ва уларни экспорт қилиш учун мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилувчи тадбиркорларнинг талабларини ўрганиш билан шуғулланиши ҳам айтиб ўтилди.
Қарорнинг яна бир муҳим жиҳат борки, мутахассислар томонидан бу ҳақда алоҳида тўхталиб ўтилди. Энди бу борада сусткашликка йўл қўйган, кўчат экишни пайсалга солган тадбиркорлик субъектларига ҳам огохлантириш хати берилади. Эндиликда мазкур хуқуқий хужатга асосан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларга уларнинг барча қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлари учун ер солиғи ставкаси уч карра миқдорида ҳисобланиши ҳамда қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасидан белгиланган тартибда ажратиладиган кредит ресурслари ҳисобидан молиялаштириш тўхтатилиши ва дала четларини иккиламчи ижарага олган ижарачиларга Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси томонидан базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваригача миқдорда жарима қўлланилиши ҳақидаги маълумотлар ҳам келтириб ўтилди. Бу эса ўз навбатида ер эгаларинг масъулиятини ошириш баробарида даромадларининг ошишига хизмат қилади.

Сурхондарё вилоятида жорий йилда дала четларидаги майдонларга мевали дарахтлар экиш бўйича тезкор маълумотларга қараганда 2 218 га.майдонга 1708 дона мевали дарахт кўчатлари экиш режалаштирилган бўлиб, 17.01.2025 йил холатига кўра бугунги кунда 424 га. майдонда 559 дона кўчат экилиб бўлинди. Бу эса айни кунда режа 33% фоизга бажарилганлигини билдиради. Кўчат экиш ишлари қизғин давом этмоқда.



