Ўзбекистонлик ҳамширалар Германияга ишга таклиф этилмоқда, маош — 2050 еврогача

Германияда неврология ва инсультга чалинган беморларни парваришлаш бўйича 24 та ҳамширалик вакансияси очилди. Маош 1850−2050 евро. Номзодлар 42 ёшгача, камида икки йиллик тажриба ва B1 даражали немис тили сертификатига эга бўлиши керак. Компания турар жой (қисман) ва тил курсларини қоплайди. Ўзбекистонликлар Германияда ҳамширалик соҳасида ишлашга таклиф этилмоқда. Бу ҳақда Миграция агентлигининг «Хорижда иш» Telegram каналида хабар берилди.
Неврология ва инсультга чалинган беморларни парваришлаш бўйича ҳамширалар учун 24 та бўш иш ўрни Германиянинг Bildung & Beruf GmbH компанияси томонидан таклиф қилинмоқда. Ойлик иш ҳақи 1850−2050 еврони ташкил этади. Иш вақти ҳафтасига 40 соат.
Номзодларга талаблар
Номзодлар 42 ёшгача бўлиши ва уч йиллик тиббиёт коллежи дипломига эга бўлиши керак. Шунингдек, ҳамширалик соҳасида, хусусан, неврология ва инсультга чалинган беморларни парваришлаш бўйича камида икки йиллик иш тажрибаси талаб этилади. Немис тилини камида B1 даражасида билиш ва тегишли сертификатга эга бўлиш ҳам талаблардан бири. Номзодлар сменали иш тартибида ишлашга жисмонан тайёр бўлиши ҳамда қизамиққа қарши иммунитетни тасдиқловчи ҳужжатга эга бўлиши лозим.
Компания қандай имкониятларни тақдим этади?
Компания немис тилини B1 дан B2 даражасигача ўрганиш харажатларини қоплайди. Номзодларга дипломни Германияда тан олиш ва ишлаш учун рухсатнома расмийлаштиришда ҳам ёрдам кўрсатилади.



