«АРЧА УНСИМОН ҚУРТИ» ЙЎҚ ҚИЛИНМОҚДА

Маълумки, арчага 20 турдан ортиқ зараркунанда ва хашоротлар зарар келтиради. Натижада арчалар қурийди ва ўзларининг мелиоратив ҳолатини йўқотадилар. Уларнинг хаётий жараёнида арчазорларга кенг тарқалган касалликларга занг, кўчатзорларда ўсиб чиққан ёш нихолларда фузариоз касаллиги киради.

Биргина Вергин арча унсимон қурти (Можжевельниковий червец) ни олиб қарайдиган бўлсак, дастлаб илмий адабиёт маълумотларида келтирилишича 1953 йилда Тожикистонда арчанинг зараркунандаси сифатида қайд этилган. Сўнгги йилларда бу касаллик юртимиз ҳудудларида ҳам тарқалмоқда.

Сурхондарё вилоят Ўсимликлар карантин ва ҳимояси бошқармасининг барча туман бўлимларида бугун иш қизғин. Шўрчи туман бўлими давлат инспекторлари томонидан арчага жиддий зарар етказадиган Арча унсимон қурти зараркунандасига қарши кескин кураш чора-тадбирлари олиб борилмоқда. Корхона ва ташкилотлар ва таълим муассасаларида мониторинг текширувлари ўтказилаётир. Яқинда Шўрчи туман 52-мактаб ва 37-мактаб худудлариги манзарали дарахтлар кўздан кечирилганда, бу ерда арча унсимон қурти борлиги аниқланганди. Мактаб худудидаги барча дарахтлар, буталарга намлаш усулида кимёвий ишлов берилиб унсимон қурт бартараф этилди. Мактаб маъмуриятига бу борада кенг қамровли тушунчалар берилди.
Бу зараркунандага қарши кураш ишларида қуйидаги тадбирларни амалга ошириш зарур.
- Зараркунанда тарқалган жойлар ва ҳудудлар аниқланиши ҳамда бу жойлардан арча кўчатларини бошқа жойларга юборилишини қатъиян тақиқлаш;
- Туман қишлоқ хўжалиги бўлимининг ўрмончилик ташкилоти, ўсимликларни химоя қилиш марказлари, ҳудудлардаги кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш бўлимлари хамда тумандаги маиший ва хўжалик идоралари томонидан тезкор равишда зараркунанда таркалган ҳудудларни аниқлаш ва унга қарши кураш чораларини қўллаш;
- Зараркунандага қарши курашда унинг тухумдан личинка очиб чиқиш даврида кимёвий препаратларни қўллаш юқори самара беришини инобатга олиб кимёвий ишловларни шу даврларда бошлаш;
- зараркунанда билан жиддий шикастланиб, қуриш ҳолатига келиб қолган дарахтларни кесиб, унсимон қурт кенг тарқалмаслиги учун уларни ўша жойнинг ўзида ёқиб йўқотиш шарт. Зараркунанданинг табиий кушандаларини аниқлаш ва самарали энтомофаглари юзасидан илмий тадқиқот ишларини амалга ошириш. Қуриган дарахтларни тўлиқ олиб ташлаш;
- Агротехник тадбирларни ўз вақтида ва тўлиқ бажариш (фосфорли, азотли, микроэлементлар Мастер, Кропшелд, Вегрутлар билан озиқлантириш);
- Кимёвий препаратлардан Би-58 (янги) 40% эм.к, Багира 20% эм.к ва Атилла 5% эм.к фойдаланиш керак.

Ушбу препаратларни зараркунандаларнинг пайдо бўлиши билан биринчи ишлов ўтказилади ва зараркунанда буткул йўқолгунча ҳар ўн беш кунда кимёвий ишловлар олиб борилиши керак.
Б. Тошбоев,Сурхондарё вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармасининг Зарарли органинзмларни прогноз қилиш ва мониторинг юритиш бўйича бош мутахассис
Қудрат Сафаров, Сурхондарё вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармасининг Шўрчи туман бўлими инспектори



