Кассация шикояти (протести) бериш ҳуқуқи

Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш, одил судловни самарали таъминлаш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда.
Барчамизга маълумки Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 27 декабрдаги 887-сонли Қонуни билан суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси ФПКнинг 3721-моддасига кўра, суд ҳужжатининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилиги юзасидан биринчи инстанция судининг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори устидан берилган кассация шикояти ёки кассация протести бўйича текширув қўзғатилади.
Мазкур Кодексининг 403-моддасига кўра, тарафлар ва ишда иштирок этувчи бошқа шахслар, ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақидаги масала суд томонидан ҳал этилган шахслар, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, бундан тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган низолар мустасно, суднинг қонуний кучга кирган ва апелляция тартибида кўрилмаган ҳал қилув қарори, ажрими, қарори устидан кассация шикояти бериши мумкин.
Кодекснинг киритилган ўзгартиришларга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси судининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати — тегишли фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман, шаҳар судларининг ҳал қилув қарорлари, ажримлари, қарорлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари томонидан биринчи инстанция бўйича қабул қилинган ҳал қилув қарорлари, ажримлари, қарорлари устидан берилган кассация шикоятларини кўриб чиқади.
Ўзбекистон Республикаси ФПКнинг 4051-моддасига кўра, кассация шикояти (протести) биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан олти ой ичида берилиши мумкин. Ўтказиб юборилган кассация шикояти (протести) бериш муддати шикоят (протест) бераётган шахснинг илтимосномасига кўра кассация инстанция судининг судьяси томонидан, агар илтимоснома кассация шикояти (протести) бериш муддати ўтган кундан эътиборан уч ойдан кечиктирмай берилган бўлса ва ўтказиб юборилган муддат суд томонидан узрли деб топилса, тикланиши мумкин.
Кодекснинг 4072-моддасига кўра, кассация шикоятини (протестини) қайтариш, қабул қилишни рад этиш ёки иш юритишга қабул қилиш масаласи кассация инстанцияси судининг судьяси томонидан якка тартибда шикоят (протест) судга келиб тушган кундан эътиборан беш кундан кечиктирмай ҳал қилинади. Кассация шикоятини (протестини) қайтариш, қабул қилишни рад этиш ёки иш юритишга қабул қилиш тўғрисида ажрим чиқарилади, унинг кўчирма нусхаси ишда иштирок этувчи шахсларга ажрим чиқарилган куннинг эртасидан кечиктирмай, ушбу Кодекснинг 270-моддасида назарда тутилган тартибда юборилади.
Кассация инстанциясининг суди кассация шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича қуйидагиларга ҳақли:
1) ҳал қилув қарорини, ажримни, қарорни ўзгаришсиз қолдиришга;
2) ҳал қилув қарорини, ажримни, қарорни тўлиқ ёки қисман бекор қилишга ва янги ҳал қилув қарори, ажрим ёки қарор қабул қилишга;
3) ҳал қилув қарорини, ажримни, қарорни тўлиқ ёки қисман ўзгартиришга;
4) ҳал қилув қарорини тўлиқ ёки қисман бекор қилишга ва ушбу Кодексда кўрсатилган асосларга кўра аризани кўрмасдан қолдиришга ёхуд иш юритишни тўлиқ ёки қисман тугатишга;
5) агар иш судга тааллуқлилик қоидалари бузилган ҳолда кўрилган бўлса, ҳал қилув қарорини, ажримни бекор қилишга ва иш материалларини судга тааллуқлилигига кўра бошқа судга юборишга.
Ушбу Кодекс 3722-моддаси биринчи қисмининг 4-бандида ва 3724-моддаси иккинчи қисмининг 2 ва 4-бандларида назарда тутилган асослар аниқланганда, кассация инстанцияси суди ишни биринчи инстанция судида иш юритиш қоидалари бўйича кўради. Ишни биринчи инстанция судида иш юритиш қоидалари бўйича кўришга ўтиш ҳақида ажрим чиқарилиб, унда бажарилиши лозим бўлган ҳаракатлар кўрсатилади.
С.Рахимов Сурхондарё вилоят суди судьяси



