Фойдали маслаҳатлар

КАСАЛЛИК ВА ЗАРАРКУНАНДАЛАРГА ҚАРШИ КУРАШНИНГ ОДДИЙ, ХАЛҚЧИЛ ВА ОММАБОП УСУЛЛАРИ

 

Ўсимликларни касаллик ва зараркунандалардан химоя қилишнинг асосий усулларига турли хил ўсимликлардан тайёрланадиган табиий (натурал)препаратлар (улар кимёвий заҳарли моддаларнинг ўрнига ишлатилиши мумкин), механик, агротехник, кимёвий, биологик усулларни киритиш мумкин. Уларнинг оддий ва халқчилларини қисқача ва хаммабоп равишда ёритиб ўтамиз:

Ўсимлик препаратлари зараркунандаларга қарши заҳарли химикатларсиз ҳам уй шароитида тайёрлана оладиган, арзон ва қулай, қўлбола дорилар орқали ҳам бемалол курашиш мумкин. Бунинг учун зараркунандалар учун заҳарли бўлган қуйидаги дамлама ва қайнатмалардан фойдаланиш мумкин:

Саримсоқпиёз: Кўпчилик севиб истеъмол қиладиган саримсоқпиёз бошқа турдаги ўсимликларни биологик химоя қилиш воситаси сифатида ҳам ишлатилиши мумкин. Масалан, агар картошкани қишки-баҳорги мавсумда касалликлардан сақлаш керак бўлса, уни сақлаш пайтида картошканинг устига майдаланган саримсоқ сепиб қўйилади. Бунда хар 100 кг картошкага 100 грамм майдаланган саримсоқ зарур бўлади.

Дон омборларида эса донларни зараркунандалардан химоя қилиш учун тонна донга 200 грамм яхшилаб майдаланган саримсоқ кифоя қилади. Дон сақлаш омборининг девор ва полларига ишлов бериш учун керакли ўсимликларнинг қайнатмасини тайёрлашда унга бир неча дона саримсоқ қўшиб юборилади.

Гуруч ва унни,  яхши сақлаш учун ҳам уларга саримсоқ қўшиб қўйиш мумкин. Бу янги помидор ва бодрингларга, сабзи ва меваларга ҳам тегишли. Агар қулупнай, карам, помидор ва картошка эгатлари ораларига саримсоқ экилса, бу уларни турли хил касалликлардан химоя қилади. Агарда саримсоқ қайнатмаси билан мевали дарахтлар ва турли хил ўсимликлар плантациялари (олма, олча, нок, олхўри, гуллар ва сабзавотлар) пуркалса, бу уларни турли хил зараркунандалар хамда касалликлардан самарали химоя қилади.

Помидор қайнатмаси: 4 кг помидор ва унинг тана қисми майдаланиб,унга 3 литр сув қўшилади ва 10 минут давомида паст оловда қайнатилади.Ундан сўнг қайнатмани тиндириб қўйилади, кейин фильтрланади. Энди унга яна 7 литр сув ва 30 грамм майдаланган совун қўшилиб, яхшилаб аралаштирилади. Бу қайнатмани пуркаш олма зараркунандаларига, битларга,чивинларга, карам шарасига ва майда кемирувчиларга қарши яхши самара беради.

Тамаки ёки махорка ивитилган сув ёки қайнатмасига майдаланган совун қўшиб, пуркалса, ўсимликларнинг турли хил зараркунандаларига қарши жуда яхши таъсир қилади.

Ок горчица (магазинларда сотиладиган порошок): 10 грамм порошокни 1 литр сувга 2 сутка солиб қўйилади (ёпиқ идишга солиниши керак) ва сўнгра фильтрланади. Тайёрланган эритманинг хар 200 граммига 800 миллилитр сув қўшиб ўсимликларга пуркалади. Бу қўлбола дори ҳам кўп хил зараркунандалар (тамаки трипси, битлар, сўрувчилар, майда кемирувчилар) га қарши курашда ёрдам беради.

Картошка: 1,2 кг картошка поясини 10 литр сувга 4 соат давомида солиб қўйилади, сўнгра фильтрланиб, унга 40 грамм майдаланган совун қўшилади ва яхшилаб аралаштирилади. Бу эритма карам шираси, қўнғизлар, битлар ва чивинларга қарши ижобий самара беради.

Пиёз: 200 грамм майдаланган пиёз ва унинг пўчоқларига 10 литр сув қуйилади ва уни 5 кун аралаштириб турган холда сақланади. Ундан сўнг фильтрланади ва бу эритма шира, унли қурт, қўнғиз, сўлакли қуртлар ватқўғирчоқ бўлиб олган зараркунандаларга қарши ўсимликларга пуркалади.

Календула: Бу ўсимликнинг 200 грамм уруғи 10 литр сувга бир қанча муддат солиб қўйилади. Сўнгра хосил бўлган эритма нематодаларга қарши ўсимликларга пуркалади.

Цитрусли мевалар: (лимон, апельсин, мандарин) Уларнинг 1 кг майдаланган пўстлоқлари 3 литрли банкага солиниб, устидан сув қўйилади,яхшилаб беркитилади ва 5 кун салқин жойга қўйилади. Сўнгра уни фильтрлаб, бошқа идишга олинади. Энди хосил бўлган эритмадан 100 граммини ва 40 грамм майдаланган совунни 1 пақир сувда суюлтирилади ва уни ўсимликларга пуркалади. Бу қўлбола дори трипсга, майда хашоратларга ва битларга қарши ўсимликка пуркалади. Эритмани яхшилаб ёпилган идишда узоқ муддат сақлаш мумкин.

Пиёз пўстидан тайёрланган дамлама ўсимликлардаги сўрувчи зараркунандаларга қарши ишлатилади. Ярим пақир пиёз пўстининг устига 10 литр қайноқ сув қуйиб, дамлаб қўйилади. Уни ишлатишдан олдин сузиб олиб, яна икки баробар сув қўшилади ва ўсимликларга пуркалади. Саримсоқ дамламаси тайёрлаш учун 200 грамм саримсоқ майдаланади ва 10 литр сувга солиб қўйилади. Бундай дамлама бодринг, қовоқ, қовун битларига ва каналарга қарши ишлатилади. Саримсоқ дамламаси кўпгина зараркунандаларнинг капалакларини чўчитади. Фитофтороз касаллиги қўзғатувчиларига қарши дамлама тайёрлаш учун 10 литр сувга 50 грамм  саримсоқ қўшилади. Бундай қўлбола дори помидорга мева тугиш олдидан, картошкага эса гуллаш арафасида пуркалади.  Картошка палагидан тайёрланган дамлама битлар, карам ок капалаги, карам тунлами ва куяси хамда каналарга қарши ишлатилади. Бу дамламани тайёрлаш учун 1,2 кг яшил ёки қуритилган картошка пояси майдаланиб, 10 литр илиқ сувга солинади ва 3 соат давомида димланиб, сўнгра сузиб олинади. Бу эритмани кечки пайтлар экинга пуркалади.

Аччик кизил қалампир дамламаси карам куяси ва тунламига қарши ишлатилади. Уни тайёрлаш учун 10 литр иссиқ сувга 100 грамм аччиқ қалампир солиб, икки соат дамланади.

Махорка, саримсоқ ва пиёз пустидан тайёрланган қайнатма турли хил зараркунандаларга қарши ишлатилади. Уни тайёрлаш учун 200 грамм тамаки, 200 грамм майдаланган саримсоқ ва 200 грамм пиёз пўсти 10 литр сувга солиниб 2 соат қайнатилади. Сўнгра уни совутиб сузиб олинади ва яна 10 литр сув хамда 80 грамм совун қўшилиб, ўсимликларга пуркалади.

Помидор палаги қайнатмаси сўрувчи зараркунандаларга, карам ок капалаги қуртларига, куя хамда бургаларга яхши таъсир қилади. Уни тайёрлаш учун 4 кг майда қирқилган помидор палагини 10 литр сувга солиб, паст оловда ярим соат қайнатилади. Кейин қайнатма совутилади, сузиб олинади, хар 2-3 литрига 50 литр сув ва 30 грамм кир совун қўшилиб,яхшилаб аралаштирилади ва ўсимликларга пуркалади.

Мойчечак гули ва баргларидан тайёрланган дамлама бит ва каналарга қарши ишлатилади. Бундай дамлама тайёрлаш учун 10 литр қайноқ сувга 3 кг майдаланган мойчечак барглари хамда гуллари солинади ва 12 соат вақти-вақти билан аралаштириб турилган холатда дамлаб қўйилади. Дамламани ўсимликларга пуркашдан аввал у докадан ўтказилиб, 3 литрига 10 литр сув қўшилади.

Қариқиз дамламаси помидор, карам, редиска ва бошқа сабзавот экинларининг баргларини кемирувчи қуртларга қарши ишлатилади. Уни тайёрлаш учун 10 литр сувга қариқизнинг 1/3 пақир миқдоридаги майдаланган барглари солиниб яхшилаб аралаштирилади ва у уч сутка димлангач, эритма сузиб олиниб, унга яна сув қўшилади ва экинларга пуркалади. Отқулоқ дамламаси бит ва каналар билан зарарланган ўсимликларга химоя воситаси сифатида ишлатилади. Бу дамламани тайёрлаш учун отқулоқ илдизи майдаланиб, унинг 300 грамми 10 литр сувга солинади. Бироз муддатдан сўнг у сузиб олиниб, ўсимликларга пуркалади.

Ж. Бозоров,  Б.Тошбоев. Сурхондарё вилоят ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси ходимлари

 

Related Articles

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button