Энергия ресурслари бўйича қарздорликлар ундирилмоқда

Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Сурхондарё вилояти бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари суд ва бошқа органлар ҳужжатларига асосан энергия ресурслари соҳасида юзага келган қарздорликларни ундиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Хусусан, Бюронинг Бандихон туман бўлими иш юритувига иқтисодий ва фуқаролик ишлари бўйича судларнинг табиий газ ва ҳудудий электр таъминоти корхоналари фойдасига жами 115 та қарздорликларни ундириш билан боғлиқ ижро ҳужжатлари қабул қилиниб, уларнинг 85 таси ёки 1 млрд. 73 млн. сўмдан ортиқ ижро ҳужжатлари ижроси таъминланди.
Масалан, Бандихон туманида фаолият юритиб келаётган «YANGIBOG` NAVRO`Z MIRISHKORI» фермер хўжалиги фойдаланилган электр энергиясидан бўлган қарздорликни ўз вақтида амалга оширмаганлиги сабабли ушбу масала Қумқўрғон туманлараро иқтисодий судида кўриб чиқилиб, таъминотчи корхона фойдасига 55 млн. 658 минг сўм қарздорлик ундирилиши белгиланди. Суднинг мазкур ижро ҳужжати Бюронинг Бандихон туман бўлими иш юритувига қабул қилиниб, қарздор фермер хўжалигининг ҳисоб рақамларига банд солинди ҳамда фермер хўжалигига тегишли бўлган мулклар хатловга олинди. Шундан сўнг, фермер хўжалиги раҳбари томонидан қарздорлик тўлиқ тўлаб берилди ва унга нисбатан қўлланилган барча чеклов чоралари бекор қилинди.
Худди шунингдек, тумандаги «BEKTEPA IFTIXORI» фермер хўжалигидан 13 млн. 925 минг сўм электр энергиясидан бўлган қарздорлигини ундириш мақсадида фермер хўжалигига тегишли “БЕЛАРУС 80Х” русумли трактор воситаси хатловга олингандан сўнг фермер хўжалик раҳбари томонидан мавжуд қарздорликни тўлиқ тўлаб берилди. Бу каби амалий ишлар давом эттирилмоқда.
Улуғбек Сатторов, Бюронинг Бандихон туман бўлими бошлиғи



