Фойдали маслаҳатлар

Соя поясининг раки ҳақида эшитганмисиз?

мутахассислар маслаҳати


Сурхондарё вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси  бошқармасининг Термиз ТИФ маскани карантин инспекторлари томонидан жойларда  ташқи карантин объекти ҳисобланган Соя поясининг раки ( Diaporthe phaseolorum Sacc. Karsojae Vahn) касаллиги ҳақида тушунтириш ва тарғибот ишлари олиб борилди.

Соя поясининг раки ( Diaporthe phaseolorum Sacc. Karsojae Vahn) бу касаллик Европада – Югославия, Венгрия, Франция, Осиёда – Хитой, Япония, Корея, Малайзия, Тайван ороли, Шимолий ва  Марказий Америкада – АҚШ, Канада, Жанубий Америкада – Бразилия, Колумбия ва Океанияда – Папуа, Янги Гвинея давлатларида кенг тарқалган бўлиб,  МДҲ давлатларида бу касаллик карантин  ҳисобланади.

Касалликни такомиллашмаган замбуруғлар дейтеромицетлар (Deuteromycetes) синфига, сферопсида ёки пикнида (Sphaeropsi-dales) тартиби, сферопсида оиласига (Sphaeropsidaceae) кирувчи Diaporthe phaseolorum   замбуруғи қўзғатади. Замбуруғ ер бетига чиқиб олган ёш ниҳолларнинг поя ва илдизларини, шунингдек, катта ёшдаги ўсимликларни ҳам касаллантириш хусусиятига эгадир. Ўсимликда қўнғир доғли шишчалар юзага келади. Пояни зарарлаганда шишлар катталашиб, кўндаланг кесимида поянинг ўзак қисми қорамтир рангда бўлиб, ўсимликда сўлиш ҳоллари юз беради ва кейинчалик қуриб қолади.

Барг томирларида дастлаб оч яшил доғлар ҳосил бўлиб, кейинчалик жигаррангга киради ва барг қурисада, тўкилиб кетмайди.

Ўсимликнинг касалланган жойида ҳосил бўлган пикнидалар қатор бўлиб жойлашади, касалланган дуккаклари очилиб кетиб, қурийди. Нам ҳаво шароитида касалланган жойларда қўнғир-бинафша кўринишда доғлар ҳосил бўлади. Бундай уруғларнинг сифати ва унувчанлиги жуда пасайиб кетади.

Замбуруғларнинг пикнидалари шарсимон бўлиб, ўлчами 112-545х98-385 мкм катталикда бўлади. Пикноспоралар  бир ҳужайрали 2 тадан оқ томирчалар ҳосил қилади. Замбуруғ ҳалтачалари ҳалтали споралардан ташкил топган. Ўсимлик касалланиши ҳосилдорлик 35-40 фоизгача камайишига олиб келади.

Касаллик қўзғатувчининг меватаначалари ўсимлик поясининг қолдиқларида ва тупроқда тиним даврини ўтагандан кейин ҳаво ҳарорати 20-220 С да ривожлана бошлайди. Инфекция манбаи тупроқда сақланиб, 250 С бўлганда унинг споралари униб, тез ривожланади. Юзага келган мицелия ва споралар уруғ ва ўсимлик қолдиқларида сақланиб, уруғ воситасида тарқалади.

Касалликка қарши қандай курашилади ?

Касаллик тарқалган майдонларда уруғлик тайёрламаслик ва четдан келтирилган уруғларни фитосанитар назоратидан ўтказилиш, вегетация даврида ер бетига чиққан ёш ниҳолларни назорат қилиш мақсадга мувофиқ бўлади. Уруғларга  экишдан олдин фунгицидлар билан ишлов берилади.

А.Абдуллаев, И. Менглиев, З.Саманов

Сурхондарё вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси Термиз ТИФ карантин давлат инспекторлари

Related Articles

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button