Ҳужжатлар меҳнат жамоаларининг фаолиятини тартибга солади

Бугун Сурхондарё вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармасида “Ташкилот ва муассасаларда давлат тилида иш юритишнинг ўзига хос жиҳатлари” мавзусида семинар ташкил этилди. Унда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги директорининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси Бунёджон Насимов иштирок этиб, «EDO.IJRO.UZ» электрон тизимида иш юритиш мисолида тақдимот ўтказди.

Ижро интизоми назоратини таъминловчи электрон ҳужжат айланиш тизими ҳисобланади. Тизим, ҳужжат айланиши жараёнларини ва топшириқлар ижроси назоратини автоматлаштирувчи функциялардан иборат бўлиб, бир вақтнинг ўзида, ҳужжат устида бир нечта ходимларнинг ишлашини таъминлайди. Тақдимотда тизим имкониятлари, маълумотларни сақланиш тартиби, электрон архивда ҳужжатларни марказлаштирилган, туркумлаштирган ва тизимлаштирилган ҳолатда сақланиши, ҳаражатларнинг қисқариши, қоғоз ҳужжатларни чоп этиш, тизимнинг умумийлиги, хужжатни шакллантириш ва қайта ишлаш хужжатларни тез имзоланиши (рўйхатга олиш, тасдиқлаш ва бошқалар) тартибларига ягона ёндашув бўйича тўлиқ тушунча берилди. Таъкидландики, бошқарув фаолиятида иш юритиш асосий ўринларни эгаллайди.

Иш юритишнинг асосини ҳужжатлар ташкил қилади. Бирор корхона ёки ташкилотнинг фаолиятини ҳужжатларсиз мутлақо тасаввур қилиш қийин. Ҳужжатлар меҳнат жамоаларининг фаолиятини тартибга солиб туради. Энг муҳими соҳага оид хужжат тайёрланаётганда имло хатоларидан холи, стилистик жиҳатдан равон тайёрланиши шарт. Семинарда «EDO.IJRO.UZ» электрон тизими орқали соҳага оид тасдиқланган хат ва буйруқлардан намуналар келтирилди. Кирил алифбосидаги сўзларнинг ўзбек алифбосига асосланган лотин ёзувида ёзилишига оид айрим изоҳлар кўрсатиб ўтилди.
- – 2023 йил 1 январдан бошлаб барча ташкилотларда иш юритиш ҳужжатлари ва бошқа ҳужжатларни лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида ишлаб чиқиш, қабул қилиш ва эълон қилиш амалиёти тўлиқ жорий қилинди, -деди агентлик директорнинг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси Бунёджон Насимов. – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 10 февралдаги “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига босқичма-босқич тўлиқ ўтишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 61-сон қарори билан Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига босқичма-босқич тўлиқ ўтишни таъминлаш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланган. Бошқарма мутахассислари ҳам бу борада ўзларини қизиқтирган, иш жараёнида зарур бўлган имло қоидаларининг ишлатилиши юзасидан саволларига жавоб олишди.


Тақдимот тарзида ўтказилган ушбу семинарда Сурхондарё вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси туман бўлими раҳбарлари ва давлат карантин инспекторлари ҳам ZOOM электрон платформаси орқали иштирок этди.
Рахмиддин Қодиров, Сурхондарё вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси бош мутахассиси



