2024-йил “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”

Давлатимиз раҳбари томонидан янги Ўзбекистонда ёшларни қўллаб-қувватлашга доир кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Шу жумладан жорий йилни “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” деб номланиши ҳам бежизга эмас. Зеро, биз ёшлар доимо юртбошимиз назаридамиз. Мамлакатимизда ёшлар масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларини ҳал этиш, ўз имконият ва салоҳиятини юзага чиқаришига кўмаклашишга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Юртбошимиз ёшларни ўйлантираётган барча муаммоларни теран тушуниб, уларнинг қалбида кечаётган яратувчанлик туғёнларини ёрқин ҳис этди. Бундан ҳар бир ёш авлод қалбида миннатдорчилик ҳисларини туяди, эртанги кунга ишончи ортади, шу юрт учун хизматга камарбаста бўлади. Биз юртимизда яратилаётган барча шарт-шароитлардан, имкониятлардан оқилона фойдаланган ҳолда, юртимиз ривожи учун, унинг юксалиши учун хизматга шаймиз.
Бунинг давоми сифатида мамлакатимиз келажаги бўлмиш ёшларимизни ҳар томонлама етук, билимли, салохиятли шахс, комил инсон сифатида камол топтиришга алоҳида эътибор бераётган Президентимиз томонидан 2024 йилни “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш” йили деб эълон қилишлари бунинг ёрқин далили десак адашмаган бўламиз.
Бугунги кунда Ўзбекистон Экологик партияси Термиз шаҳар Кенгаши фаоллари “Янги Ўзбекистон ёшлари” шиори остида амалий тадбирлар, янги ғоя ва ташаббуслар билан чиқмоқда. Шу жумладан шаҳримиз миқёсида “Ёшлар қаноти” етакчилари билан 2024 йилга мўлжалланган иш режа ҳам ишлаб чиқилган бўлиб,бунда ёшларнинг меҳнат фаолиятининг самарадорлигини кучайтириш мақсадида тизим ходимларининг малакаларини оширишга қаратилган ўқув семинарларни ташкил этиш, “Ёшлар қаноти” фаолларини жалб қилган ҳолда “Экологик муаммоларни бартараф этиш ҳамда аҳоли саломатлигини яхшилашга йўналтирилган ёшлар лойиҳалари ва режаларини ишлаб чиқишнинг самарали механизмлари”га бағишланган учрашувларни ташкил этиш, ҳудудларда ташкил этилган соғломлаштириш оромгоҳларида “Бизга соғлом табиат керак” мавзусида ёшлар билан учрашувлар ташкил этиш, ҳамда 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшларнинг экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш кўникмаларини шакллантиришга қаратилган.
“Биз келажак учун масъулмиз” лойиҳасини амалга ошириш, мактаб ўқувчилари ўртасида ўтказиладиган билимлар беллашувида “Экология” ёки “Табиатшунослик” фани бўйича ўқувчиларни саралаш ва рағбатлантириш, “Ёшлар қаноти” фаолиятини ривожлантиришдаги фаоллиги учун бир қатор номинацияларда шаҳримиздаги ёшлар қаноти етакчилари ва Эковолонтёр ёшларни тақдирлашни мақсад қилганмиз. Таъкидлаш ўринлики, бугунги кун ёшлари дунё цивилизациясига бефарқ эмас. Биз учун муҳтарам юртбошимиз томонидан жуда улкан имкониятлар берилмоқда. Бу имкониятлардан оқилона фойдалансагина ўзбекистон ёшлари ҳар соҳада ўз мавқеини янада юксалтирган бўлади.Белгилаб берилган ёрқин ва умидли режалар биз ёшларни эртанги кунимиз учун заминдир. Ҳозир эса биз ёшлар янада масъулиятли бўлишга, Ватанимиз равнақи йўлида бутун куч, билим ва иқтидоримизни сафарбар қилган ҳолда хизмат қилишга тайёрмиз.
Ўткир Эшонқулов, Ўзбекистон Экологик партияси Термиз шаҳар Кенгаши раиси
Ўзбекистон Экологик партияси Сурхондарё вилояти партия ташкилоти Матбуот хизмати



