Жамият

Тадбиркор-элга мададкор

очиқ мулоқот

Бугунги кун кузатилаётган ўзгаришлар, айниқса иқтисодиётимизнинг ривожланиш кўрсаткичлари ҳар биримизга алоҳида қувонч бағишлайди. Жорий йилда ҳам юксак ўсиш суръатлари кўзда тутиляпти. Халқимиз ҳиммати баланд инсонлар қадр-қимматини ҳамиша юксак қадрлаган. Сабаби, тадбирли кишилар энг мураккаб масалалар қаршисида ҳам эсанкираб қолмай, ҳар қандай вазиятдан йўл топиб олиши билан ажралиб турганлар. Шунинг учун ҳам Амир Темур ўз тузукларида: “Ишбилармон, мардлик ва шижоат соҳиби, азми қатъий, тадбиркор ва ҳушёр бир киши минг-минглаб тадбирсиз, лоқайд кишилардан яхшидир”, деб ёзган эдилар.

Шу жиҳатдан олиб қаралганда, мамлакатимизда айниқса сўнгги йилларда тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, хусусий мулк ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб келинаётганлиги бежиз эмас. Анъанага айланган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан бўлиб ўтаётган очиқ мулоқотлари ҳам соҳадаги тизимли муаммоларни ҳал этиши, таклифлар муҳокама қилиниши ва янги қулайликлар яратиши билан ишбилармонлар кутадиган тадбирга айланди.  Жойларда шу тадбирларни  давом эттирган ҳолда  қишлоқ хўжалиги соҳаси раҳбар ходимларининг  ҳам тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти ва учрашувлари бўлиб ўтмоқда.

Сурхондарё вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси бошлиғи Усмон Янгибоевич Тураповнинг  Шеробод туманида  ўтказган очиқ мулоқотида ҳам тадбиркорлар олдида турган муҳим ва ўз ечимини кутаётган масалалар муҳокама этилди. Унда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчи корхона, ташкилот, қайта ишлаш, саралаш, қадоқлаш цехлари, кластер, деҳқон ва фермер хўжалиги раҳбар ходимлари иштирок этишди. Мурожаатлар тингланиб, бугунги кундаги энг долзарб зарурий тадбирларни амалга ошириш бўйича берилган саволларга тўлиқ жавоб  бериб ўтилди.

Айниқса ички ва ташқи бозорни қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари  билан тўлдириш, экспорт салоҳиятини юксалтириш, аҳоли бандлигини таъминлашда тадбиркорларимизнинг ҳиссаси салмоқли бўлмоқда, деб таъкидланди. Ўз навбатида тадбиркорлар изланувчанлиги туфайли аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, даромадини кўпайтиришда етакчи кучга айланди. Ёшларни ишга жойлаштиришга кўмаклашиш, банд бўлмаган ишсиз ёшларни фойдали меҳнат фаолиятига ўргатиш, уларнинг бандлигини таъминлаш, ишбилармон, тадбиркор ёшлар сафини кенгайтириш, ёшларни оилавий тадбиркорликка жалб килиш, бизнесни ташкил этиш ва юритиш борасида ҳал этилиши лозим бўлган бир қатор муаммолар мавжуд. Бугун ёшларни тадбиркорликка жалб этсак, эртанги кунда уларнинг келажаги ҳам таъминланади.

Шунингдек, давлатимиз  раҳбари ўз сўзида “тадбиркор – элга мададкор” деган нақлда чуқур маъно борлигини, лекин шундай катта масъулиятни зиммасига олган тадбиркорни ўзига ҳам мададкор бўлиш кераклиги, бунинг учун қайси бир ҳоким ва бошқарма бошлиқлари ўз ҳудудининг гуллаб-яшнашини истаса, аввало, тадбиркор ва яна бир бор тадбиркорга чинакам мададкор бўлиши кераклиги ҳақида таъкидлаб ўтдилар.

Умуман олганда, мазкур очиқ мулоқотда илгари сурилган таклиф ва ташаббуслар, давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган вазифалар ижроси келгусида мамлакатимизда тадбиркорликни янада ривожланишига олиб келадики, бу албатта, юрт равнақи, эл маъмурчилиги, аҳолини меҳнатга банд қилишга хизмат қилади.

Усмон Туропов, Сурхондарё вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси бошлиғи

 

 

Related Articles

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button