Жамият

Ҳисобот-сайлов йиғилиши ўтказилди

Сурхондарё вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармасида бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти тафтиш комиссиясининг ҳисобот-сайлов йиғилиши бўлиб ўтди. Уни бошқарма бошлиғи Усмон Туропов бошқариб борди. Унда Сурхондарё вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси касаба уюшмаси қўмитасининг 2020 йил мартдан 2025 йил март санасигача бўлган даврдаги фаолияти ва навбатдаги вазифалар тўғрисида ҳисоботи тингланди.

Сурхондарё вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси бошланғич касаба уюшмаси раиси Рахмиддин Қодиров сўз олиб  ҳисобот давридаги фаолиятга тўхталар экан, ҳисобот даврида бошқарма иш берувчи билан жамоа шартномасини тузиш, унга ходимлар учун қўшимча имтиёзлар киритиш ва уларнинг берилишига эришиш касаба уюшмаси қўмитаси аъзоларининг доимий диққат марказида бўлганлигини қайд этди.

– Касаба уюшмалари, уларнинг бирлашмалари инсоннинг муносиб ҳаёт кечиришини ва эркин ривожланишини таъминловчи шарт-шароитлар яратишга қаратилган ижтимоий дастурларни шакллантиришда, ходимларни ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқишда муҳим ўрин эгаллайди, – деди Р. Қодиров. – Жумладан, ҳисобот даврида жамоа шартномасида кўзда тутилган қўшимча имтиёзлар ҳисобига, ҳар бир ходимга ҳақ тўланадиган қўшимча таътиллар бериб келинди, корхонадаги кам таъминланган оилалар вакилларига моддий ёрдам кўрсатилди. Иш берувчи томонидан ишчи ходимларга Ўзбекистон Республикаси томонидан қабул қилинган,  байрам  деб кўрсатилган саналарга яъни, 8-март – Халқаро хотин-қизлар байрами, 21-март – «Наврўз» умумхалқ байрами, 1-сентябрь – Ўзбекистон Республикаси Мустақиллиги куни, 8-декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлиги куни,  Рўза ва Қурбон Ҳайит байрами муносабати билан  пул мукофотлари берилганлиги алоҳида таъкидлади.

Муҳим маълумот ўрнида қайд этилдики, ҳисобот даврида касаба уюшмаси қўмитасига 84 та ёзма равишда мурожаат келиб тушган.

Шундан санаторияда дам олиш мазмунида –  7 та, фарзандлари учун оромгоҳларга йўлланма олиш мазмунида – 28 та, моддий ёрдам ажратиш мазмуни – 49 тани ташкил этган. Асосийси барча мурожаатлар қаноатлантирилган. Касаба уюшмаси қўмитаси иш берувчи билан етарли даражада ҳамкорлик қилгани, кези келганда қатъий талаблар қўя олганлиги учун ҳисобот даврида амалда бўлган жамоа шартномаларининг деярли барча бандлари бажарилганлиги эътироф этилди.

Қайд этилдики, ҳисобот даврида касаба уюшмаси низомда белгиланган қоидалар асосида фаолият юритиб, сезиларли натижаларга эришди. Жумладан, меҳнатга ҳақ тўлаш ва меҳнат режимининг ижтимоий адолатли тизими жорий этилиши, жамоа шартномалари тузилиши ва уларнинг бажарилиши, меҳнат қонунчилигига риоя этилиши устидан жамоатчилик назорати ўрнатилди. Ходимлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлашга эътибор кучайтирилди. Ишчи-ходимлар, айниқса, ёшларни меҳнат ва ижтимоий-иқтисодий ҳимоя қилишга йўналтирилган дастурларни ишлаб чиқишда иш берувчи билан яқин ҳамкорлик йўлга қўйилди. Ўтказилаётган маданий-маърифий, жисмоний тарбия ва спорт тадбирлари сифат жиҳатдан яхшиланиб, ишчиларнинг бўш вақтидан оқилона фойдаланишига қулай шароитлар яратилмоқда. Касаба уюшмаси аъзолари ва улар оила аъзоларини соғломлаштириш юзасидан салмоқли ишлар амалга ошириляпти.  Йиғилишда касаба уюшмасининг ҳисобот даврида эришган ютуқлари алоҳида эътироф этилиб, йўл қўйилган камчиликларга эътибор қаратилди. Келгусида ишчи-ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини янада кучли ҳимоя қилишга аҳамият бериш юзасидан таклиф ҳамда тавсиялар билдирилди. Ўзбекистон касаба уюшмаларида жорий этилган янги сайлов тизимига мувофиқ бошқарма бошланғич касаба уюшмаси қўмитаси раиси муқобиллик асосида яширин овоз бериш йўли билан сайланди. Шунингдек, бошланғич касаба уюшмаси ташкилотининг янги органлари ҳам сайлаб олинди.Фаол ходимлар тақдирланди.

Ўша куннинг ўзида бошқарма ходимлари ўртасида шахмат ва шашка, футбол мусобақалари ҳам ташкил этилиб, ғолиб жамоаларга эсдалик совғалари топширилди.

Сурхондарё вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси матбуот хизмати

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Related Articles

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button