Дала апробация кўригини ўтказиш бўйича кўргазмали ўқув-амалий семинар бўлиб ўтди

Республикамизда пахта етиштирувчи фермер хўжаликларини келгуси йилда юқори ҳосилли ҳамда сифатли уруғлик чигит билан узлуксиз таъминлаб бориш мақсадида, ҳар йили уруғлик пахта учун экилган майдонларда апробация (дала кўриги) ўтказилади. Қишлоқ хўжалиги экинларидан юқори ҳосил олиш ва сифатли маҳсулот етиштиришда асосий драйвери уруғчилик тармоғи ҳисобланиб, кондицияли уруғлар етиштиришда апробация кўриги муҳим ўрин тутади. Жойларда ушбу тадбир уюшқоқлик билан ўтказилмоқда.

Ангор туманида уруғлик пахта майдонларида дала апробация кўригини ўтказиш бўйича кўргазмали ўқув-амалий семинар бўлиб ўтди. Унда вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи, вилоят уруғчиликни ривожлантиш бошқармаси бошлиғи, ҳамда Сурхондарё вилоят ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси бошлиғи Усмон Туроповлар иштирок этди.

Семинар давомида уруғлик учун ажратилган ғўза майдонларида апробация ўтказиш, уруғлик пахтани териш, қабул қилиш ва сақлаш масалалари муҳокама этилди. Шунингдек, ғўза навларини тўғри жойлаштириш ва сифатли уруғлик жамғаришда ғўза апробациясининг аҳамияти ҳақида батафсил маълумотлар бериб ўтилди.
Хўш, апробация сўзининг маъноси нима? Нима сабабдан уруғлик майдонларда комиссиялар тузилиб апробация дала кўриги ўтказилади?
Апробация бу – тасдиқлаш, маъқуллаш маъносини англатади. Дала апробацияси – дала экинлари апробацияси ўсимликларнинг генетик (нав) жиҳатдан софлигини, зараркунандалар билан зарарланган-зарарланмаганлигини, касалликларга чалинган-чалинмаганлигини ва экиш учун мўлжалланган уруғликларнинг умумий ҳолатини аниқлаш учун далада ўтказиладиган текширув, – дейди Сурхондарё вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси бошлиғи Усмон Туропов. Бугунги кўргазмали ўқув-амалий семинарни ўтказишимиздан мақсад ҳам келгуси йил ҳосили учун мўлжалланган уруғликларни экиш учун фойдаланиш мумкинлигини аниқлашдан иборатдир. Бунда уруғчилик субъектларнинг уруғлик майдонларида экинларнинг навдорлик ва бошқа сифатларини сақлаб қолишда қилинаётган ишларига баҳо берилди.

Шунингдек, ўқув-семинарда ҳудудларда маҳаллий шароитларда яхши ҳосил бераётган навларни таҳлил қилиб, шу каби уруғларни кўпайтириш бўйича амалга оширилаётган ишлар, янги навларни яратиш, бу борада олимлар билан илмий ҳамкорликни янада кучайтириш тўғрисида батафсил маълумот берилди.



