Жамият

Ўзбекистонда иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ва мослашиш бўйича янги лойиҳа

 

Жорий йилнинг 16 октябрь куни Термиз шаҳрида “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ҳамда Латвия маҳаллий ва минтақавий бошқарув органлари ассоциацияси билан ҳамкорликда “Ўзбекистонда иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ва мослашиш бўйича барқарор сиёсатни режалаштириш” лойиҳаси тақдимоти бўлиб ўтди

Маълумот ўрнида айтиш муҳимки, глобал иқлим ўзгариши замонамизнинг энг жиддий муаммоларидан бири бўлиб, барқарор ривожланиш йўлидаги жиддий тўсиққа айланиб бормоқда. Бугунги кунда Ўзбекистон иқлим ўзгариши хавфи юқори бўлган давлатлар қаторига киради. 1880 йилдан бошлаб мамлакатда ўртача йиллик ҳарорат цельсий бўйича 1,6 даражага ошган (13,2дан 14,8 даражагача). 2030-2050 йилларда Марказий Осиё минтақасида ҳаво ҳарорати яна 1,5-3 даражага кўтарилиши мумкинлиги прогноз қилинмоқда. Ҳаво ҳароратининг энг кўп кўтарилиши Оролбўйида кутилмоқда, чунки Орол денгизининг қуриши туфайли ўзига хос маҳаллий иқлим ўзгаришлари ҳам содир бўлмоқда.

Кескин иқлим ўзгаришлари сув ресурсларининг камайиши, табиий офатларнинг кўпайиши, қишлоқ хўжалиги маҳсулдорлигининг пасайиши каби жиддий хавфларни уйғотади, умуман, минтақамизнинг барқарор ривожланишига тўсқинлик қилади. Бундай оқибатлар, биринчи галда, аҳолининг заиф қатламларига салбий таъсир кўрсатмай қолмайди.

Ўзбекистонда экологик хавфсизликни таъминлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, иқтисодиётнинг турли тармоқларига янги, экологик тоза технологияларни жорий этишга қаратилган узоқ муддатли Стратегиялар қабул қилиниб, ҳаётга тадбиқ этилмоқда. Улар орасида 2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистоннинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепцияси, Ўзбекистон сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020−2030 йилларга мўлжалланган концепцияси, 2019−2030 йиллар даврида Ўзбекистоннинг “яшил” иқтисодиётга ўтиш стратегияси, 2019−2028 йиллар даврида Ўзбекистонда қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш стратегияси мавжуд.

Лойиҳа республикамизнинг Сурхондарё ва Бухоро вилоятларида амалга оширилади.

Related Articles

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button