«Олтинкўз»да биомаҳсулотлар етиштирилмоқда

Сурхондарё вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов иштирокида Жарқўрғон тумани «Олтинкўз» ЖМСда вилоятдаги биолабораториялар раҳбарлари билан учрашув ўтказилди. Унда вилоят миқёсида «Олтинкўз», «Трихограмма», «Брокон» каби биомаҳсулотлар етиштириш ишлари юзасидан ахборот тингланди. Унда Сурхондарё вилоят ҳокими ўринбосарлари, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси мутахассислари ҳамда соҳага алоқадор ташкилот мутасаддилари иштирок этди.

Вилоят ҳокими «Олтинкўз» ЖМСда етиштирилаётган биомаҳсулотлар билан танишар экан, фойдали ҳашаротларни лаборатория шароитида кўпайтириш кимёвий воситалардан фойдаланишдан кўра арзонлиги, фитосанитар хафсиз экспортбоп сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари дейилганда маҳсулотларнинг таркибий сифат кўрсаткичлари ҳам тушунилиши кераклигини таъкидлади. Яъни, мева-сабзавотларнинг ташқи кўриниши билан бирга албатта унинг ички таркиби ҳам талабга жавоб бериши керак. Бунинг учун эса қишлоқ хўжалиги экинлари парвариши ҳамда уларнинг турли касаллик ва зараркунандалардан ҳимоялашда биологик кураш чораларига катта аҳамият қаратиш лозимлиги уқтирилди. Тадбирда тумандаги тўртта сектор раҳбарлари, вилоятда мавжуд 42 та биолабораториялар раҳбарлари, Сурхондарё вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси туман бўлими раҳбарлари ҳам иштирок этди.

Маълумот ўрнида айтиш керакки,»Олтинкўз» ЖМС даги маҳсулотлар билан воҳанинг 4 минг гектар қишлоқ хўжалиги экин майдонларига ишлов берилади, шундан 2 минг гектар пахта 2 минг ғалла майдонидаги экинлар биоҳимоя қилинади. Хусусий биолабаратория рахбари Жамила Тошпулатова ҳам бу борада катта тажрибага эга бўлиб, энтомофаглардан фойдаланиш биологик кураш қамровини янада кенгайтириш ва органик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга хизмат қилиши ҳақида гапирди.
Айтиш муҳимки, биринчи навбатда, биомаҳсулотлар хавфсиз ва экологик тоза кураш воситаси бўлиб, инсон организми ва атроф-муҳитга зарар етказмайди. Қолаверса, фойдали ҳашаротлар далага тарқатилгандан сўнг ўз-ўзидан кўпаяверади. Уларни қайта-қайта учиришга эҳтиёж бўлмайди. Таққослайдиган бўлсак, зарарли организмларга қарши кимёвий воситалар билан кураш олиб борилганда маълум муддатдан кейин зараркунандада “мослашувчанлик” (адаптация) ҳолати кузатилади. Бу эса янги турдаги кимёвий воситалардан фойдаланишни тақозо этади. Натижада пеститсидлардан қайта-қайта фойдаланиш ёки уларнинг янги, кучлироқ турларига ўтилиши ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига, инсон саломатлигига салбий таъсири кўпайишига сабаб бўлади. Энтомофаглардан фойдаланиш биологик кураш қамровини янада кенгайтириш ва органик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга хизмат қилади. Ҳозирги кунда ўсимликларни биологик ҳимоя қилишда кенг қўлланилаётган энтомофаглар ҳақида сўз борар экан, бу борада тадбиркорларни қизиқтирган саволларга ҳам атрофлича жавоб берилди. Мутасаддиларга биолабораториялар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, мавжуд муаммоларини ҳал этиш топшириғи берилди.
Усмон Турапов, Сурхондарё вилоят Ўсимликлар карантин ва ҳимояси бошқармаси бошлиғи



