
Оила фаровонлиги давлат фаровонлигига, оиладаги соғлом муҳит соғлом жамият барпо бўлишига олиб келади. Бу ҳар бир оиланинг тақдири жамият тақдирига бевосита дахлдор эканлигига ишорадир. Бир масала борки, бу ҳақда жиддий ўйлаш, мулоҳаза қилиш зарур. Бу никоҳ, оила тузиш масаласи бўлиб, фарзандлар камолини кўриш, вояга етган қизларни турмушга узатиб, ўғилларни уйлантириб, невара-чеварали бўлиш ҳар бир ота-онанинг эзгу мақсадидир.
Халқимизнинг анъанавий ва ҳаётий муҳим тадбири бўлмиш никоҳ бизда кўпроқ ота-онанинг, кексаларнинг аралашуви билан амалга оширилади. Шу сабабми ҳаётимизда қариндошлар ўртасида қуда-андачилик ришталарини боғлаш, қизларни эрта турмушга узатиш, йигитларимизни эрта уйлантириш каби ачинарли ҳолатлар ҳамон учраб турибди. Оила қуришдан асосий мақсад фарзанд кўриш ўзидан насл қолдириш эмасми? Афсуски, буни англаб етсалар-да, бегонани келин қилишни хоҳламайдиган, қизини ўз уруғига беришни афзал кўрадиган ота-оналар ҳам учраб турибди. Наҳотки, майиб, мажруҳ фарзандини шифокорма-шифокор, шаҳарма-шаҳар олиб бориб, наф тополмай тақдирга тан бераётган ота-оналарнинг қисмати уларга ўрнак бўлмаса. Тўғри, ҳозирги замон тиббиёти ва унинг имкониятлари катта. Лекин ирсий бузилишлар оқибатида нуқсонли туғилган болаларга ҳар қандай илғор даволаш усули, энг самарали дори дармон, машҳур шифокор ҳам ёрдам бера олмайди. Яқин қариндошликдан дунёга келган болаларда яширин нуқсонлар сақланиб қолади. Бу эса йиллар ўтиши билан намоён бўлиши мумкин. Булар касалликларга берилувчанлик, муҳитга чидамсизлик, иқтидорнинг яхши ривожланмаслиги каби салбий омиллар фарзанднинг соғлом ва узоқ умр кўришга тўсқинлик қилади.
Репродуктив саломатлик деганда аёлнинг қачон ва қандай шароитларда она бўлишини назорат қилиш, онанинг ҳам, туғилажак боланинг ҳам саломатлиги учун мақбул шарт-шароитларни яратиш тушунилади.
Ёшларда аёл организми соғлом фарзанд кўриш учун ҳали тўла шаклланмаган бўлади. Ҳомиладор бўлиш, фарзанд дунёга келтириш билан боғлиқ жараёнларда она организми ўзидан кўп миқдорда қувват сарфлайди. Кўзи ёриган аёл организми ўзини тиклаб олиши учун унга камида йил вақт зарур бўлади. Бу бир томондан боланинг она сутига тўйиб ўсишини таъминласа, иккинчи томондан она навбатдаги ҳомиладорликдан сақланади. Аёллар саломатлигини фақатгина ҳомиладорлик даврида сақлабгина қолмай, балки ўсмир қизларни ҳам ёшлик давридан соғ-саломат ўсишига ота-она катта эътибор қаратиши зарур. Аёллар учун фарзанд кўришнинг энг қулай даври 20-30 ёш оралиғи ҳисобланади. Агар ҳомиладор 20 ёшдан кичик бўлса, унда 30 фоизгача ҳомиланинг яхши ривожланмаслиги, чақалоқ вазни кичик бўлиши, туғилган фарзанд ўлими ҳолатларининг икки бараварга ошиши, ёш оналар орасида оналарнинг ўлими ҳолати уч бараварга ошиши кузатилади. Кўриниб турибдики, эрта турмуш қуришнинг салбий оқибатлари кўп. Бунда биринчи навбатда онанинг саломатлиги муҳим рол ўйнайди. Сабаби, соғлом она соғлом фарзандни дунёга келтиради. Қизларимизни эрта турмушга узатиб, йигитларимизни эрта уйлантириш оқибатида ёшларни ҳаётнинг сўқмоқларида қийналиб қолишлари, ёш йигитларнинг оилани бошқара олмасликлари, қизларимизнинг болаликларига бориб, ўзга хонадон сир-асрорларини англашга қийналиб қолиши, бир-бирларини тушунмасликлари натижасида оилаларнинг барбод бўлишига, нуқсонли фарзандлар туғилишига сабаб бўлмоқда.
Эрта она бўлиш бир қатор муаммоларни келтириб чиқаради. Чунки 15-16 ёш ҳали ўсмирлик даври саналиб, бу вақтда қизлар руҳан ҳамда жисмонан тўлиқ ривожланмаган, шахс сифатида тўлиқ шаклланмаганлиги туфайли организм ҳомиладорлик, туғруқ ва соғлом фарзандни дунёга келтиришига тўлалигича етилмаган бўлади. Натижада эрта фарзанд кўриш ёш она ва ундан туғилажак бола саломатлигига ҳам маълум даражада ҳавф туғдиради. Ҳомила тушиш ҳавфи, ҳомиладорликнинг оғир кечиши, туғруқ фаолиятини сустлашиши, ҳомиланинг нимжон ривожланиши, турли тизим ва аъзолар шаклланишида камчилик ва нуқсонларнинг учраб туриши, эрта ва нисбатан кам вазнда туғилиш кўпроқ уларда учрайди .Она ва бола ўлими кўрсаткичи ҳам бошқа ёшдагиларга нисбатан эрта турмуш қурган аёлларда кўпроқ кузатилади.
Оила мустаҳкамлиги ёшларнинг билим ва маданиятига ҳам боғлиқ. Шунинг учун оилада тиббий маданиятни ошириш, эрта ҳамда қариндошлар ўртасидаги никоҳларни олдини олиш бўйича ташкилий, маърифий тарғибот ишларини кучайтирмоқ лозим. Кўпни кўрган кексаларимиз бот-бот таъкидлайдиган бир нақл бор: “Иморат мустаҳкам бўлишини истасанг, пойдеворини пишиқ сол!”. Дарҳақиқат, бизнинг асосий мақсадимиз-мустаҳкам оилалар барпо этиш ва етук фарзандлар тарбиялаш. Шундай экан, оила деб аталмиш қўрғоннинг бўлажак бунёдкорлари – йигит-қизларимизнинг унга ҳар жиҳатдан тайёр бўлишлари лозимлигини унутмайлик. Ўз фарзандининг эртасини мустаҳкам оилада кўришни истаган, унинг бахту-саодати учун маъсулиятни чуқур ҳис қилган ота-она булардан тўғри хулоса чиқариб иш юритишлари керак.
Р. Муҳаммадиева тайёрлади



