ИЗЛАНИШЛАР КЎЛАМИ ЯНАДА КЕНГАЯДИ

Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш манбаи бўлган қишлоқ хўжалиги соҳасида олиб борилаётган ишлар билан танишиш, соҳа мутахассислари, ўсимликлар карантини ва ҳимояси вилоят бошқармаси вакиллари ва меҳнаткашлар билан учрашиш мақсадида Музработ, Қизириқ ва Шеробод туманларида бўлди.
– Ҳозирги мураккаб ва таҳликали бир даврда аҳолининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш масаласи муҳим аҳамият касб этади. Шу сабабли ҳар бир дақиқани ғанимат билиб, асосий озиқ-овқатимиздан бири бўлган, ғалла ҳосилдорлиги учун ҳозирдан, бугундан қаттиқ меҳнат қилишимиз керак. Бунда бизга энг яқин кўмакчилар механизатор ва сувчилардир. Мутасаддилар эса уларнинг меҳнатини доимо қўллаб-қувватлаши керак. Ғаллакорлар меҳнатини қадрласак, нонимиз мўл, устимиз бут бўлаверади, – дея таъкидлади вилоят раҳбари ҳудудларга ташрифи чоғида.

Ўсимликлар карантини ва ҳимояси вилоят бошқармаси вакилларига бу борада изланишлар кўламини янада кенгайтириш, деҳқонга мўл ҳосил олишда энг яқин кўмакчи бўлиш хусусида қўшимча топшириқлар берилди.

Танишувлар давомида ўз меҳнати билан бошқаларга ўрнак бўлаётган соҳа ходимлари ва механизаторлар вилоят ҳокимлигининг совғалари билан тақдирланишди.

Шунингдек, ҳудудларда сув сарфини камайтириш, йўқотишларнинг олдини олиш мақсадида ариқларни бетонлаш ишларининг бориши ҳам кўздан кечирилди. Қишлоқ хўжалиги соҳасида кўп йиллик тажрибага эга фахрийлар билан ҳам суҳбат қилиниб, уларнинг маслаҳатлари олинди. Мутасаддиларга берилган маслаҳат ва тавсиялар асосида ишларни ташкил этиш топширилди. Вилоят раҳбари бўш майдонлар, ариқ ва зовурлар бўйларида тут кўчатлари экиш тадбирларида ҳам иштирок этди.



