Фойдали маслаҳатлар

БИЛГАНГА ТОМОРҚА КОНИ ФОЙДА

Шўрчи туманидаги “Сауртепа” маҳалласидаги фуқароларнинг ҳар бири “Меҳнатдан келса бойлик, турмуш бўлар чиройлик” шиори асосида яшайди десак муболаға бўлмайди. Маҳалладаги хонадонларнинг ҳар иккитадан биттасида иссиқхона мавжуд. Аҳоли томорқадан самарали фойдаланиб, деҳқончилик ҳадисини олган фуқаролар яхшигина даромад олишмоқда.

Бахтиёр Ғуломов томорқасининг 5 сотихига иссиқхона ташкил этиб, қулупнай етиштирмоқда.

-Авваллари иссиқхонамизда помидор, бодринг етиштирардик, – дейди Б.Ғуломов. -Бу йил сердаромад қулупнай кўчатларини экдим. Меҳнати кам, даромади кўпроқ бўлган қулупнай кўчатини бир марта эксангиз, уч йилгача ҳосил олиш мумкин. Ҳозир ҳар беш кунда 9-10 килограм ҳосилни йиғиб, бозорга олиб чиқяпмиз. Даромадимиз ҳам ўзига яраша.

Аслида билганга томорқа кони фойда. Тўғриси, илгари кўпчилик бунга эътибор бермасди. Баъзи хонадонлардаги ерларнинг ўт босиб ётиши ҳам сир эмасди. Энди эса томорқасида иссиқхона ташкил қилиб, даромад олаётганлар етарлича топилади.

– Билганга томорқа кони фойда,– дейди шу ерлик Хўшбоқ Абдувоитов– Ерга меҳр бериб, ишлов берилса, дастурхон тўкин, рўзғор обод бўлади. Катта бир рўзғорни бемалол тебратади. Томорқадаги меҳнатимизга яраша олаётган даромадимиздан тўйлар қиляпмиз, фарзандларимизни ўқитяпмиз. Йиллик даромадимиз чакки эмас. 40-50 млн.сўмгача боради. Агар томорқа бўлмаганида, шунча пулни қаердан топардик.

Дарҳақиқат, деҳқончиликнинг ҳадисини олган сауртепаликлар фурсатни қўлдан бой бермай, кафтдек ерни ҳам бўш қолдирмасдан, экин экиш, ниҳол қадаш, умуман ердан унумли фойдаланиш турмуш фаровонлигининг мустаҳкам пойдеворини яратишмоқда. Бу борада уларга Сурхондарё вилояти  Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси Шўрчи туман давлат инспекторлари яқиндан кўмак бермоқда. Ўз вақтида олиб борилган агротехник тадбирлар хусусида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

  • Меваларни ҳаво қуруқ, иссиқ бўлган кунлари эрталаб, шудринги кетгач ва кечқурун иссиқ пасайганда, ҳаво булутли кунлари эса кун бўйи териш мумкин. Ҳосил йиғиб олингандан кейинги парваришига алоҳида аҳамият бериш зарур, – дейди инспектор Қ.Сафаров. Бу даврда ўсимлик келгуси йил ҳосилига тайёрланади, ҳосил куртаги шаклланади, илдиз системаси янгиланади, янги барглар, ер устки қисми (шохча ва новдалар) пайдо бўлади, илдизда эса келгуси йил ҳосили учун озиқ моддалар жамғарилади.
    Ҳосил терими даврида тупроқнинг ҳаддан зиёд зичлашиб кетиши, намлик ва озиқнинг етишмаслиги, мўйловчаларнинг кўпайиши ўсимликнинг ҳолдан тойиши, касаллик ва зараркунандалардан шикастланиши – буларнинг барчаси ўсимликнинг тез қариб, келгуси йил ҳосилининг пасайишига олиб келади. Шунинг учун экин меваси терилгач, қатор оралари дарҳол чуқур юмшатилиши, ўтоқ қилиниб, ўғит берилиши ва суғорилиши зарур. Озиқлантириш учун ўғит сифатида барги орқали Бактомин биоўғитини гектарига 2 литр ҳисобида пуркаш ишлари олиб борилади.
    Ҳа, қулпунай нафақат шўрчиликларнинг  даромад манбаи, уни маҳалладаги ҳар бир  хонадон аъзолари севиб истеъмол қилишади. Кўриш қобилиятини яхшилайдиган ушбу мева барчага бирдек хуш ёқади. Кўриш билан боғлиқ муаммолардан азият чекаётганлар сони кундан кунга ортиб бормоқда. Бу компьютерда ишлаш, ижтимоий тармоқларга берилиб кетиш ва экологиянинг ёмонлиги билан боғлиқ. Бир қанча тадқиқотларда қулупнай кўз пардасининг молекуляр дегенерацияси ривожланиши, катаракта, кўз қуриши ва бошқа ўзгаришларнинг олдини олиши аниқланган. Ўзига хос биокимёвий таркибга эгалиги сабаб нафақат аксарият кўриш билан боғлиқ касалликларнинг олдини олиши, шунингдек, айримларини даволаши ҳам мумкин.

 

Related Articles

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button