Жамият

ЛИБОС – МИЛЛАТ  КЎЗГУСИ

Дунёдаги ҳар бир миллатнинг миллий либослари бор. Ана шу миллий либосларда ўша халқнинг, миллатнинг тарихи, маданияти ва маънавияти намоён бўлади. Миллий  либос инсонни ҳаёт, замон ва макон билан узвий боғлаб турадиган ўлмас қадриятлардан биридир. Шарқ аёллари қадимдан гўзаллик тимсоли сифатида эъзоз топган. Айниқса, ўзбек аёллари ўзларининг ибо ва ҳаёси, ширин муомаласи билан чинакам гўзаллик, вафо ва садоқатнинг тимсолига айланган.

Инсон маданиятини ташқи ва ички, яъни этик ва эстетик нуқтаи назардан оладиган бўлсак, бу икки манзара бир-бирини тўлдириб боради. Ички маданият кишининг ташқи қиёфасида ҳам акс этиб туради. Шахснинг кийиниши, муомала маданияти, одоби жамиятда унинг қандай мавқега эга эканлигини белгиловчи муҳим жаҳатлар эканлиги барчамизга яхши маълум. Қулай ва бежирим ўзбекона кийимлар халқ ҳунармандчилигининг, қолаверса, аждодларимиз закосининг ёрқин ифодаси, десак хато бўлмайди.

Кийиниш маданияти инсоннинг муайян миллатга, ҳудудга ёки ижтимоий гуруҳга мансублигини билдиради. Масалага бошқа жиҳатдан ёндашадиган бўлсак, унинг бир томони оила ва тарбияга ҳам бориб тақалади. «Оммавий маданият» таҳдиди кучайиб бораётган бугунги кунда умуминсоний ва миллий қадриятлар муштараклигига эътибор қаратиш муҳимдир. Айниқса, миллий маданиятимизнинг ўзига хос кўринишлари ёшларимиз кияётган либосларида ҳам ўз аксини топади.  Бу борада Термиз иқтисодиёт ва сервис университетида миллийлигимизни кенг тарғиб қилиш борасида кенг миқёсдаги тарғибот тадбирлари амалга оширилмоқда. Чунончи қалби  миллий ифтиҳор ва ғурурга тўлган талаба ёшларимиз ҳам бу борада фаол бўлишмоқда. Машғулотларда қизларимиз хонатлас, адрас, беқасам, шойи сингари миллий матоларимиз аждодларимизнинг кўп асрлик тарихини, миллий қадриятларимизни номоён этишмоқда. Шу ўринда ана шу матолардан тайёрланган миллий либосларимиз, зар дўппиларимизга нафақат юртимизда, балки марказий Осиё, ҳатто ғарб давлатларида ҳам алоҳида ҳурмат ва катта қизиқиш билан қарашади. Асрлар давомида сайқалланиб келаётган миллий матоларимиздан тикилган замонавий либослар қизларимиз ҳуснига ҳусн қўшади. Бундай гўзал либослар ёшларимиз қалбида миллий қадрият, анъана ва урф-одатларимизга ҳурмат, бой ва кўхна меросимиздан фахрланиш туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз.

Гулчехра Махмадиева, Термиз иқтисодиёт ва сервис университети ўқитувчиси (PhD)

 

Related Articles

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button