ЭКИЛГАН ҲАР БИР КЎЧАТНИ ПАРВАРИШ ҚИЛАЙЛИК

Давлатимиз раҳбарининг “Республикада яшиллик даражасини янада ошириш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини изчил амалга ошириш орқали экологик барқарорликни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони экологик барқарорликни таъминлашда муҳим асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Янги таҳрирдаги Конституцияда экологик-ҳуқуқий нормаларнинг ўз аксини топиши Ўзбекистонда инсон қадрини улуғлаш сифатида фуқароларнинг экология ва атроф-муҳит муҳофазаси соҳасидаги қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга, аҳолининг қулай табиий муҳитда ҳаёт кечириши учун барча зарур шарт-шароитларни яратишга ҳамда экологик муаммоларнинг олдини олишга имкон яратди. Қувонарлиси, кейинги йилда “Яшил макон” лойиҳаси учун 100 миллиард сўм ажратилади. Бундан буён дарахтларни 3 йил парваришлаш, касалликдан сақлаш, суғориш харажатлари ҳам инвестиция дастурига киритилиб, суғориш бўйича икки хил тажриба амалга оширилади. Бу жараёнда барчамиз шахсий намуна сифатида дастлаб ўз хонадонимиз ва кўчамизни обод қилишимиз, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасига ўз ҳиссамизни қўшишимиз зарур.

Шу мақсадда Сурхондарё вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси мутахасссислари ва туман бўлими карантин инспекторлари, ЎКЧМ масканларида фаолият олиб бораётган ҳамкасбларимиз томонидан ҳам ушбу умуммиллий лойиҳа доирасида белгиланган ҳудудларда мевали ва манзарали дарахтларни экиш давом этмоқда. Ушбу мавсумда биз 4000 туп кўчат экишни режалаштирилганмиз. Бир кунда 400 тупга яқин кўчат экиш ишлари олиб борилмоқда. Янги боғлар, яшил майдонлар ташкил этиш билан бирга, экилган кўчатларни томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш тизимини йўлга қўйиш, ҳар туп ниҳолни асраб-авайлаш, амал олишини таъминлаш, зарур агротехник тадбирларни ўз вақтида ўтказиш, уларни турли касалликлардан ҳимоя қилиш каби юмушларга ҳам эътибор қаратилмоқда.

Яна бир муҳим жиҳатни таъкидлаш керакки, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида экологик вазиятни барқарорлаштиришга қаратилган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини кенгайтириш, хусусан, ҳар йили 200 миллион туп дарахт экиб бориш ва республикада яшиллик даражасини 30 фоизга етказиш, экиладиган ҳар бир дарахтни парвариш қилиш ва суғориш тизимини яратиш кўзда тутилган. Шундан келиб чиққан ҳолда 2024 йилги Давлат дастурида лойиҳа доирасида камида 200 миллион туп манзарали ва мевали дарахт ҳамда буталар кўчатларини, қаламчаларини экиш, республикада 444 та яшил боғлар барпо этиш белгиланган.
Умуман олганда, табиат ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳар доим давлат ва жамият ҳаёти учун муҳим масалалардан бири бўлиб келган. Давлатимиз раҳбарининг бу борада ўтказган барча йиғилишида белгилаб берилган залворли вазифалар она табиатимизнинг софлиги, табиийлигини асраб-авайлаш ва келажак авлодга бутунлигича етказишга замин яратади. Шундай экан, атроф-муҳитни асрашда ҳар биримиз аввало, ўзимиз, қолаверса, яқинларимиз, келажак авлод олдидаги масъулиятни ҳис этишимиз лозим.
Юсуф Тошболтаев, Сурхондарё вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси мутахассиси



