Мономарказда “Очиқ эшиклар” куни бўлиб ўтди

Куни-кеча Ангор туманида жойлашган “Ишга марҳамат” Мономарказида тумандаги барча умумтаълим мактабларининг битирувчи ўқувчилари учун «Касб ва ёшлар» очиқ мулоқот куни ташкиллаштирилди.


Тадбирда мономарказ директори Жасур Уразов, туман ҳоким ўринбосари Жамшид Баҳромов, Қарши Ахборот технологиялари менежмент университети доценти, катта ўқитувчи Адхам Суяров, “Жавоҳирбек” хусусий корхонаси раҳбари Акбар Турсунов ҳамда бир қатор алоқадор ташкилот вакиллари ҳам иштирок этдилар.


Тадбир давомида иштирокчиларга мономарказ фаолияти билан яқиндан танишиш ва аҳолини замонавий касбларга қизиқтириш мақсадида экскурсия ташкил қилинди. Унда туман ҳудудида истиқомат қилувчи доимий даромадга эга бўлмаган аёллар, ёшлар ва темир дафтарида рўйхатда турган ишсиз фуқаролар ҳамда мактаб битирувчилари иштирок этди. Қувонарли жиҳати , тадбир давомида 150 нафардан зиёд фуқаролар мономарказда фаолияти йўлга қўйилган касб йўналишлари бўйича ўқиш истагини билдиришди.

Ушбу масканда фаолият олиб бораётган устозлар ёшларнинг хаётда ўз ўрнини топишларида касб-ҳунарнинг муҳимлиги ҳақида тўхталди. Шунингдек, бу ерда таълим олиб ўз бизнесини йўлга қўйган хотин-қизлар ҳам таклиф этилди. Уларнинг фикрлари, дил сўзлари қатнашчиларда катта таассурот қолдирди. Зеро, бу даргоҳда устозлардан касб сирларини ўрганган ёшлар бисёр.

Улар бугун ҳаётнинг барча жабҳаларда фаол. Бир қанча ёш йигит – қизлар ҳам ўз бизнес режаларини амалга ошириб, ҳудудларда иссиқхоналар, чорвачилик, тикувчилик, қандолатчилик, чилангарлик, ҳамда сартарошлик ишларини йўлга қўйиб улгурган. Тил ўрганиш курслари ҳам ёшлар билан тўлган.

Инглиз ва корейс тилларига қизиққан ёшлар бугун бу ерда тил ўрганиш учун яратилган замонавий шарт – шароитлардан мамнун эканлигини таъкидлашмоқда. Зеро, бугунги кунда ёшлар узоқ масофаларни босиб вилоят марказига боришларига зарурат қолмаган. Ўз касбининг тажрибали, қолаверса таълим сертификатга эга ўқитувчилар бу борада уларга яқиндан кўмак беришаётир.



Ангор туман «Ишга марҳамат» мономаркази расмий саҳифаларини кузатиб боринг.



