Жамият

“ФУҚАРОЛИК ЖАМИЯТИ ҲАФТАЛИГИ” БЎЛИБ ЎТДИ

 

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан жорий   йилнинг 13—17 ноябрь кунлари республикамиз бўйлаб “Фуқаролик жамияти ҳафталиги” ўтказилди. Куни-кеча  “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Сурхондарё вилояти ҳудудий бўлинмаси томонидан “Фуқаролик жамияти ҳафталиги” доирасида  “Сурхондарё вилоятида экологик вазиятни яхшилаш, инсон ҳаётига таъсир ўтказувчи экологик муаммоларни бартараф этиш” мавзусида  давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбирда Сурхондарё вилояти ҳокими ўринбосари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Олий таълим профессор ўқитувчилари, вилоят Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси мутахассислари, вилоят Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, вилоят Ўрмон хўжалиги бошқармаси, “Сурхон” давлат қўриқхонаси,  Пахтачилик илмий текшириш институти вилоят филиали,  Нодавлат ва нотижорат ташкилот вакиллари ва эковолонтёр ёшлар иштирок этди.

Унда “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Сурхондарё вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари Гулмира Амирова  сўзга чиқиб, бугунги  иқлим ўзгариши инсоният олдида турган энг жиддий муаммо эканлигининг жаҳон ҳамжамияти томонидан тан олинганлиги, иқлим ўзгариши инсон ҳаётининг барча соҳаларига таъсир кўрсатаётганлиги ва иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларини олдини олиш ҳамда янги ҳаёт шароитларига мослашиш бўйича кечиктирилмайдиган чоралар кўришни талаб этилаётганлиги ҳақида маъруза қилди.  Жумладан, Ўзбекистонда 1880 йилдан  то ҳозирги вақтгача бўлган даврда ўртача йиллик ҳарорат 1,6 даража (13, 2 дан 14,8 °С гача)  ошди, бу глобал миқёсда кузатилаётган ўртача суръатлардан юқорилиги. Мутахассисларнинг прогнозларига кўра 2030-2050 йилларда минтақада ҳаво ҳарорати яна 1,5-3°Сга кўтарилиши мумкинлиги айтилди.

Ўзбекистон иқлим ўзгариши оқибатлари таъсирига кўпроқ мойил бўлган мамлакатлар қаторига кириши  таъкидланди. Экспертларнинг баҳоларига кўра атмосферада иссиқхона газлари концентратсиясининг бундан кейин ҳам ортиши, қурғоқчилик натижасида сув ва озиқ-овқат танқислиги хавфини кўпайишига, иссиқ мавсум давомийлиги ва қизғинлигининг ошиши туфайли аҳоли сонининг ортишига, шунингдек селлар, тошқинлар ва бошқа хавфли ҳодисаларнинг такрорланишига олиб келаётганлиги ҳақида ҳам сўз борди.

Глобал иқлим ўзгариши ва мамлакат табиий-ресурс комплексининг ана шу ўзгаришларга таъсирчанлиги изчил иқлимий сиёсатни шакллантириш заруриятини белгилаши, кескин иқлим ўзгаришлари сув ресурсларининг камайишига, табиий офатларнинг кўпайишига, қишлоқ хўжалиги маҳсулдорлигининг пасайишига каби жиддий хавфларни уйғотади, умуман, минтақамизнинг барқарор ривожланишига тўсқинлик қилиши  мумкинлиги бу холатларнинг  салбий оқибатлар, биринчи галда, аҳолининг заиф қатламларига салбий таъсир кўрсатиши хусусидаги  фикрлар муҳокама  қилинди.

Маълумки, республикамиз аҳолисининг учдан бир қисми табиий гидрометеорологик офатлар (қурғоқчилик, сел, тошқинлар, қор кўчкилари, музлашлар, чанг бўронлари юз берадиган) ҳудудларда истиқомат қилади. Табиийки, бу ерларда ёғингарчиликлар кўпайса, аномал совуқ ёки аномал иссиқ ҳарорат кузатилса, вазият биз кутгандан бошқача бўлиши мумкин.

Ўзбекистонда экологик хавфсизликни таъминлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, иқтисодиётнинг турли тармоқларига янги, экологик тоза технологияларни жорий этишга қаратилган узоқ муддатли Стратегиялар қабул қилиниб, ҳаётга тадбиқ этилмоқда. Улар орасида 2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистоннинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепцияси, Ўзбекистон сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020—2030 йилларга мўлжалланган концепцияси, 2019−2030 йиллар даврида Ўзбекистоннинг “яшил” иқтисодиётга ўтиш стратегияси, 2019 — 2028 йиллар даврида Ўзбекистонда қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш стратегияси асосида кенг  кўламли  ишлар  худудларда  амалга  оширилиб  келинаётганлиги ҳам  мутахасисилар  томонидан таъкидланди. Ўтказилган тадбирда  тақдимотлар, билдирилган  таклифлар орқали  иқлим ўзгаришининг ижтимоий-иқтисодий оқибатлари ҳақида жамоатчиликни хабардорлигини ошириш ва қарорлар қабул қилиш жараёнига жамоатчиликни жалб қилиш орқали иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ва мослашиш бўйича барқарор сиёсатни режалаштиришни такомиллаштиришга қаратилган таклифларни  ишлаб  чикиш муҳимлиги таъкидланди. Шунингдек, мутахассислар томонидан ўрганилган  “Сурхондарё вилоятида экологик вазиятни яхшилаш, инсон ҳаётига таъсир ўтказувчи экологик муаммоларни бартараф этиш”  мавзуси юзасидан  фикрлар алмашинилди.

Жамшид Алиев, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Сурхондарё вилояти ҳудудий бўлинмаси бош мутахассиси

 

Related Articles

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button