Агротехнологик тадбирларни ўз вақтида бажариш шарт

Меҳнат инсонни улуғлайди, уни эл ичра азиз қилади. Инсон ўз меҳнати билан эл-юрт равнақига ҳисса қўшиб обрў-эътибор топади. Шунинг учун халқимиз меҳнаткаш ва тадбиркор одамларни улуғлайди ва уларни ёшларга намуна қилиб кўрсатади. Термиз туманида ҳам ана шундай ўз касбини улуғлайдиган, деҳқончилик хадисини олган воҳадошларимиз бисёр. Шу боис бўлса керак туман миришкорлари ҳар бир жабҳада илғор. Термиз тумани “Янгиариқ” ҳудуди “Оқтепа Термиз” фермер хўжалиги аъзолари ҳам она заминга бор меҳрини берган. Бу ерда ҳар бир қадалган уруғ эътибор ва назоратда.
Ушбу ҳудуддаги ғўза майдонларида Хитойдан келтирилган чигит унуви ва парваришлашдаги муҳим агротехник жиҳатлар бўйича ўқув – семинари ташкил этилди. Семинарда Сурхондарё вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси бошлиғи Усмон Янгибоевич Туропов, вилоят уруғчилик фермер хўжаликлари ва хорижий навни етиштираётган кластер раҳбарлари, агрономлар ва бир қатор соҳа мутахассислари иштирок этди.

Таъкидландики, вилоят деҳқонлари 2025 йил ҳосили учун 16.2 минг гектар хорижий ғўза нави экишни режалаштирган бўлиб, бугунги кунда экиш ишлари тўлиқ амалга оширилди. Дала майдонини ташқи омиллардан ҳимоялаш ва барқарорлигини таъминлаш мақсадида дала атрофига оқ жўхори ва супурги экинлари экиш, қарши кураш тадбирларини ўз вақтида амалга ошириш, зараркунандаларни аниқлаш мақсадида феромон тутқичлар ўрнатиш, зараркунандаларга қарши энтомофаглар тарқатиш юзасидан огохлантириш хатлари берилиб, тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Семинар давомида йиғилганларга мутахассислар томонидан Хитойдан келтирилган чигитнинг афзалликлари ҳақида батафсил маълумот бериш билан бир қаторда илмий асосланган тавсиялар берилди. Шунингдек, фермер хўжалиги вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.
Хислат Чориев, Сурхондарё вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси бошлиғи ўринбосари



